Ошкоралик сабаб ҳақиқий ҳолатимиз намоён бўла бошлади. Пандемия буни батамом яланғочлаб ташлади.

Хабарларни эшитяпмиз: «Фалон вилоятда қайсидир соҳада фалон миллиард талон-торож бўлган, қайсидир туманда қайсидир соҳада – фалон миллион». Сал аввал-ку бунақа хабарларни ҳазм қилиб юборардик. Аммо юртга вабо – синов келиб турган пайтларда...

Бу дегани – вазият маънан биз билгандан ҳам чатоқ. Бу очилиб қолган миллиардлар хамир учидан патир бўлса ажаб эмас.

Хўш, инсон қай даражага етиши керакки, шундай паллада халқ мулкини ўмарса? Инсоннинг дунёқараши қай даражада бузилиши керакки, бўронга дуч келган кемада ўтириб, шу кеманинг-да тагини тешса? Киши ким бўлиши керакки, она халқи вабодан омон қолиши учун ажратилган пулларни фурсатдан фойдаланиб ўмариш пайида бўлса? Аммо сўз бу ҳақда ҳам эмас. Нима ҳақида унда?

Сўз қандай қилиб ишлар бу даражада чаппа-роста бўлиб қолгани ҳақида. Яъни қандай қилиб давлат идораларида муносиб одамлар ўрнида номуносиб кишилар жойлашиб олганида. Уларнинг жойими давлат идоралари?

Ва бу нидо ёки ҳайқириқ эмас, балки аниқ – конкрет савол: бу қандай мумкин бўлди? Шу саволга жавоб берсак, ислоҳ эшиклари очилса ажабмас.

Аввало, «давлат» тушунчаси ҳақида икки оғиз эслатма. Давлат бу – халқ иродасига мувофиқ ва халқнинг пулидан маош олиб, халқнинг хизматида бўлиши лозим бўлган халқ таъсис этган тузилма. Табиийки, мазкур таъриф давлат идораларида энг ҳалол ҳамда таъсисчиси бўлмиш халқнинг манфаатларини биринчи ўринга қўядиган одамлар ишлашини тақозо қилади.

Дунёнинг ҳеч бир нуқтасида бу ҳақиқатлар балки мукаммал рўёбга чиқмагандир (камчиликлар ҳамма жойда бор), бироқ бу ерда гап мазкур ҳақиқатлардан узоқлашиш даражаси ҳақида кетяпти. Бу даражада бўлмаслиги керак-да энди, узоқлашиш!

Маънавий принциплари бўлмаган кўплаб кишиларнинг давлат лавозимларига келишининг оқибати яхши бўлмаслиги шубҳасиз. Зеро, давлат мансабдори қўлида турли ресурслар бўлади, қўлидан халқ мулки ўтади. Принципсиз кишилар жамоаларда устуворликка эга бўла бошлаши билан, кабинетларни маънан тубанлик ҳавоси тўлдира бошлайди. Бизда бу қачон ва қандай қилиб бошланди?

Демократик тамойилларнинг қарор топиши жамиятни шунақа чаппа-росталикдан, ишларнинг оёғи осмонда бўлиб қолишидан сақлайди. Жамият ҳаётига тааллуқли, халқ мулкига амалга ошириладиган ишлар ўша халқнинг кўз ўнгида амалга оширилиши лозим. Шаффофлик қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ишлар ёпиқ эшиклар ортига ўтгандан кейин зиддига кетади.