Жамият | 16:49 / 27.08.2020
17198
2 дақиқада ўқилади

Бахмалда Қизил китобдаги айиқ овчилар қопқонига тушиб қолди

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган айиқ номаълум кишилар томонидан қўйилган қопқонга тушиб қолди.

Kun.uz Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот котиби Отабек Ашуровдан олган маълумотга кўра, ҳолат 26 август куни, Бахмал давлат ўрмон хўжалигининг Узунбулоқ бўлими Каттасой айланмаси ҳудудида, фермер хўжалиги билан чегарадош жойда рўй берган.

«Соат тахминан 5:30-6:00ларда фермер хўжалиги ҳудудида чорва молларини боқиб юрган чўпонлар томонидан ёввойи ҳайвоннинг бақирган овозини эшитишган.

Бориб кўрган пайтда ўрмон ҳудудида қўлбола усулда ясалган қопқонга оғирлиги тахминан 200 кг келадиган қўнғир айиқ тушганининг гувоҳи бўлишган.

Гувоҳлар чегарачиларга хабар беришган. Чегарачилар ўз навбатида ўрмон хўжалиги ходимлари, ички ишлар, экологияга хабар беришган», – деди Отабек Ашуров.

Мутахассислар айиқнинг олдига яқинлашишнинг иложи бўлмагани сабаб, уни ухлатишга қарор қилишган.

Давлат экология қўмитаси Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси ҳамда Жиззах вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари томонидан тегишли муолажалар қилиниб, қўнғир айиқ табиатга соғ-саломат қўйиб юборилган.

 

Мавзуга оид