Жаҳон | 00:29 / 28.08.2020
7075
2 дақиқада ўқилади

TikTok раҳбари истеъфога чиқди

TikTok ижтимоий тармоғи бош ижрочи директори Кевин Майер истеъфога чиқди. Майёр ушбу лавозимни эгаллагандан 3 ой ўтиб компанияни тарк этишга қарор қилди. 

Фото: Getty Images

Унинг ўрнига ижтимоий тармоқнинг АҚШ бўйича бош менежери Ванесса Паппас вақтинча тайинланди.

Маълум қилинишича, ушбу истеъфо TikTok’га эгалик қилувчи ByteDance компанияси учун мураккаб вақтда юз берди. Ҳозирда Хитой компанияси АҚШ ва Ҳиндистон ҳукуматларини TikTok’нинг хавфсиз эканига ишонтиришга уринмоқда.

“Охирги ҳафталарда компания атрофидаги сиёсий вазият кескин ўзгарди. Мен қандай таркибий ўзгаришлар зарурлиги ва улар компаниядаги ролим учун нимани англатиши ҳақида ўйлаб кўрдим. Бунинг ортида мен компанияни тарк этишга қарор қилдим”, дейилган Майернинг ходимларга мактубида.

ByteDance асосчиси ва бош директори Чжан Имингнинг таъкидлашича, компания бутун дунёда, айниқса АҚШ ва Ҳиндистонда дуч келган муаммоларни иложи борича тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.

Август бошида АҚШ президенти Дональд Трамп TikTok’нинг АҚШ компаниясига сотилишини талаб қилган. Кейинроқ Трамп ByteDance ва Tencent компаниялари билан битимларни тўхтатиш учун 45 кун мухлат берилувчи фармонни имзолаган. ByteDance АҚШ президентининг бу хатти-ҳаракатларига қарши Оқ уй маъмуриятини судга берди.

 

Мавзуга оид