“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 19 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 7 августда маъқулланган.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг яхлитлиги ва бўлинмаслиги;
қонунийлик;
маъмурий-ҳудудий бирликлардаги давлат бошқарувининг самарадорлиги;
маъмурий-ҳудудий бирликларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилиши.
Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллардан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат.
Қорақалпоғистон Республикаси туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардан иборат.
Вилоятлар туманлардан, шунингдек вилоят ва туман бўйсунувидаги шаҳарлардан, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардан иборат. Вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар доирасида ҳам туманлар ташкил қилиниши мумкин.
Вилоятларнинг маъмурий-ҳудудий чегаралари доирасида республика бўйсунувидаги шаҳарлар бўлиши мумкин.
Тошкент шаҳри туманлардан иборат.
Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича комиссиялар маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг таклифларини ҳамда вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар (Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ва шаҳарлари) ҳокимларининг илтимосномаларини кўриб чиқиш ҳамда давлат экспертизасидан ўтказиш мақсадида ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этиладиган комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раҳбарлари киритилади.
Кўриб чиқиладиган масалалар мазмунига қараб, комиссиялар таркибига давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳам киритилиши мумкин.

















