Иқтисодий операторларнинг фаолият юритиш тартиби ўзгартирилди
Вазирлар Маҳкамаси 24.08.2020 йилдаги «Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 500-сон қарорни қабул қилди.
Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.2019 йилдаги «Ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 363-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Norma’нинг ёзишича, тасдиқланган Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомга мувофиқ 29.04.2019 йилдаги 363-сон ВМҚнинг 2-банди ва унга илова ўз кучини йўқотади.
Низомда белгиланишича, ваколатли иқтисодий оператор – божхона операцияларини амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш учун ушбу Низом талабларига жавоб берувчи юридик шахсларга бериладиган мақом.
Оператор Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилган вақтдан бошлаб хавф даражаси паст бўлган тоифага киради.
Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари оператор бўла олмайди.
Ваколатли иқтисодий операторларга бериладиган гувоҳнома уч турга бўлиниб, божхона операцияларини амалга ошириш учун махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Чунончи, биринчи турдаги гувоҳнома қуйидаги ҳуқуқларни беради:
- товарларни декларациялаш ва чиқариш билан боғлиқ божхона операцияларини биринчи навбатда амалга ошириш;
- оператор томонидан ташиладиган товарларга нисбатан товарни ташиш йўналишини белгиламаслик;
- божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда, товарларни операторнинг транспорт воситасида жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган жойгача божхона транзитини амалга ошириш йўли билан етказиб бериш;
- экспортга жўнатиладиган операторнинг товарлари юкланган транспорт воситаларининг юк хоналари (отсеклари) ёки уларнинг бир қисмига оператор томонидан қўйилган пломбаларни божхона хизмати органлари томонидан идентификация воситалари сифатида тан олиниши;
- божхона хизмати органлари томонидан вақтни қисқартириш ва божхона операцияларини ўтказиш тартибини оптималлаштиришга қаратилган тажриба лойиҳаларида устувор иштирок этиш;
- божхона тўловлари тўланишини 50 фоизга таъминлаган ҳолда, божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва (ёки) муддатини 20 иш кунигача кечиктирган ҳолда операторнинг товарларини эркин муомалага чиқариш.
Низомда иккинчи ва учинчи турдаги гувоҳномаларнинг соҳиблари ҳақли бўлган махсус соддалаштиришларнинг турлари ҳам санаб ўтилган.
Гувоҳнома юридик шахс реестрга киритилган кундан бошлаб кучга киради. Гувоҳномани бошқа шахсларга бериш тақиқланади.
Низомда қуйидагилар ҳам қайд этилган:
- реестрни шакллантириш қоидалари, унга киритиш учун танлаш мезонлари;
- реестрга киритиш тўғрисида ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби;
- божхона операцияларини амалга ошириш учун махсус соддалаштиришлар турлари;
- оператор мақомини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш;
- операторларни реестрдан чиқариш тартиби;
- операторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- оператор фаолиятини назорат қилиш қоидалари;
- давлат божхона хизмати органларининг операторлар билан ўзаро ҳамкорлиги.
Давлат божхона қўмитасига илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ваколатли иқтисодий операторлар институтини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига доимий равишда таклифлар киритиб бориш вазифаси топширилди.
Ҳужжат 26.11.2020 йилдан кучга киради.
Мавзуга оид
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
07:16 / 20.08.2024
Саноатни бошқаришнинг вертикал тизими жорий этилади
07:40 / 17.08.2024
Криптология соҳасида идоралараро эксперт гуруҳи ташкил этилади
07:15 / 24.07.2024