Спорт | 16:26 / 05.09.2020
9263
2 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов Rowing&Canoe федерацияси раиси лавозимига сайланди

Бугун, 5 сентябрь куни ZOOM платформасида Ўзбекистон каноэда эшкак эшиш федерациясининг навбатдан ташқари онлайн ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди, дея ёзмоқда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси расмий сайти.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

«Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Энергетика вазирлиги раҳбарияти, Rowing&Canoe федерацияси Ижроқўм аъзолари ва мураббийлар иштирок этишди. Тадбирда кун тартибига қўйилган асосий масала федерация раиси Аҳмедов Худоёр Мамажоновичнинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан бўшаш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, Х.Аҳмедов ўрнига янги раҳбар ва унга ўринбосарлар сайлаш, Ижроқўм таркибини қайта кўриб чиқиш бўлди.

Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан Х.Аҳмедовнинг аризасини қабул қилишди. Ўз ўрнида Худоёр Мамажонович саломатлиги боис федерация фаолиятини бошқаришга вақт ажрата олмаётгани, ортда қолган 2 йилдан кўпроқ вақт давомида олиб борилган ҳамжиҳатликдаги иш учун ташаккур айтиб ўтди. Шундан сўнг федерация раислигига Ўзбекистон энергетика вазири Султонов Алишер Саидаббосович номзоди қўйилди. Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан А.Султонов номзодини қабул қилишди ва Алишер Саидаббосович Ўзбекистон Rowing&Canoe федерациясининг янги раиси этиб сайланди», - дейилади МОҚ хабарида.

Маълумот учун, Султонов Алишер Саидаббосович 1967 йил 29 ноябрь куни туғилган. Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов спорт оиласига бегона эмас. Бу инсон 2017 январь – 2018 январь давомила Миллий олимпия қўмитаси президенти, кейинчалик 2018 йил декабрь ойигача қўмита вице-президенти лавозимида ишлаган. Фаолияти давомида ўзбек футболига, хусусан аёллар футболини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Шунингдек, маълум муддат Ўзбекистон шахмат федерациясини бошқарган. Узоқ йиллар давомида «Ўзбекнефтгаз» бошқарувида фаолият олиб борган. «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.

Шунингдек, Қурбонов Шуҳрат Тўраевич федерация раҳбарининг ўринбосари бўлди. Шундан сўнг федерация Ижроия қўмитаси ва президиумига кирувчи расмийлар таркибини шакллантириш каби масалалар кўриб чиқилган.

Мавзуга оид