Вазирлик матбуот котиби Шерзод Аҳмадовнинг қайд этишича, мобиль қурилмани рўйхатдан ўтказиш икки хил усулда амалга оширилади: Ўзбекистонга четдан кириб келган жисмоний шахсларда бўлган мобиль восита ҳамда ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтган, мамлакатга юридик ташкилот томонидан тижорий мақсадларда импорт қилинган уяли алоқа воситалари қайдга олинади.
Рўйхатга олишда нега муаммо бўляпти?
«Куни кеча тарқаган хабарларга қараганда, айрим фуқаролар чет элдан қайтгач, уяли алоқа воситасини паспорти билан рўйхатдан ўтказа олмаган. Мобиль қурилмаларни Ўзбекистонга жисмоний шахслар ҳам олиб кириши мумкин, аммо унинг миқдори чекланган ва бу қонун билан тартибга солинади. Демак, ҳақиқатан четдан қайтганини тасдиқлаш орқали фуқаролар хориждан Ўзбекистонга олиб келган телефонларини рўйхатдан ўтказиши керак эди.
Юзага келган ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этдик. Негаки, шахсга оид маълумотлар учинчи шахс томонидан ноқонуний фойдаланилган бўлиши мумкин. Бу тергов-суриштирув жараёнида ойдинлашади», — дейди Аҳмадов.
Мобиль қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш нега керак?

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан, Ўзбекистонда мобиль қурилмаларни ҳисобга олиш тизими жорий этилган. Ҳужжатга кўра, бундан кўзланган мақсад – «истеъмолчиларга сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорни контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва сотилишидан ҳимоя қилиш ҳамда телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш» эди.
Шерзод Аҳмадовнинг билдиришича, рўйхатга олинган уяли алоқа восита йўқотилган ё ўғирланганда эгасининг сўрови асосида қурилма «қора рўйхат»га киритилиши мумкин. Яъни ўғирланган мобиль қурилмадан фойдаланишнинг техник имконияти йўқолади.
Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш 2019 йил 31 октябрига қадар бепул амалга оширилиши белгиланиб қўйилганди















