Лионель Месси «Барселона»да қолади. Бу ҳақда аргентиналик футболчи расмий баёноти орқали маълум қилди. Каталониялик мухлислар енгил тин олишди, лекин 33 ёшли форвард ҳали кўк-анорранглиларнинг раҳбарияти билан уруш ҳолатида, қолаверса у янги бош мураббийи Рональд Куман билан чиқишиб кета олмаган.

Месси ўз баёнотида нима деди

Мен рафиқам ва болаларимга клубни тарк этиш истагим ҳақида гапирганимда, бу шафқатсиз драма бўлганди. Оила аъзоларимнинг барчаси йиғлашди, болалар Барселонадан кетишни ва мактабларини алмаштиришни истамасди. Лекин мен келажак ҳақида ўйлашим керак эди. 

Юқори савияда ўйнашни, совринлар ютишни, Чемпионлар лигасида рақобатбардош жамоада бўлишни истайман. Бу турнирда ҳар доим ҳам ғалаба қозониб бўлмайди, бу жуда мураккаб турнир, аммо ҳамиша яхши иштирок этиш керак. Римда, Ливерпулда ва Лиссабондаги каби сочилиб кетиш эмас, курашиш керак. Буларнинг барчаси мени клубни ўзгартириш ҳақида ўйлашга мажбур қилди.

Кета олишимга ишончим комил эди. Клуб президенти ҳамиша исталган мавсум якунида кетиш ёки қолиш бўйича ўзим қарор қабул қилишим мумкинлигини айтарди. Энди эса раҳбарият мен 10 июнгача кетишим ҳақида огоҳлантирмаганимга ёпишиб олди. Ахир биз ўша вақтда коронавирус туфайли мавсум давом этиш-этмаслигини билмаганмизку! Бу касаллик бутун мавсумни ўзгартириб юборди.

Шундай экан, мен қоламан. Президент фақат 700 млн евро тўланса кетишим мумкинлигини айтди. Бу эса имконсиз иш. Бошқа вариант ҳам бор эди — барчасини судда ҳал қилиш. Лекин мен ҳеч қачон «Барса» билан судлашмайман, мен бу клубни жуда севаман. Клуб менга жуда кўп нарса берган. Бу клуб ҳаётимга айланган. Клуб менга барчасини берди, мен эса фақат арзимас чақалар қайтардим. Хаёлимга ҳеч қачон «Барселона» билан судлашиш фикри келмаган.

Мен ҳамиша клубни ҳаммасидан устун қўйганман. Мен кўп марта «Барса»дан кетишим мумкин бўлган. Пуллар? Ҳар йили мен кетишим ва «Барселона»дагидан кўпроқ пул ишлашим мумкин эди. Мен ҳамиша бу менинг уйим эканини айтиб келганман.

Мен Барселонани севаман ва бу ердан яхшироқ жой топа олмаслигимни тушунаман. Лекин менда танлов ҳуқуқи бор. Мен ўз олдимга янги вазифалар ва янги мақсадлар қўйишни режалаштиргандим. Эртагаёқ қайтишим мумкин, ахир «Барселона»да ҳаммаси бор.

Мен клуб президентига кетишни исташимни айтдим. Бутун йил давомида айтиб келдим. Бошқа томонга ҳам қадам ташлаш вақти келган деб ўйладим. Мен клубни ёшартириш керак деб ҳисобладим, менинг клубдаги даврим поёнига етди деб ўйладим. Гарчи мен фаолиятимни шу ерда якунлаш ҳақида орзу қилган бўлсамда. Мен «Бавария»дан мағлубият туфайли бу қарорга келмадим, мен кўп вақтдан буён бу ҳақда ўйлаб келардим. Охир-оқибат, клуб президенти ўз сўзида турмади.