Ўзбекистон | 14:29 / 10.09.2020
4666
2 дақиқада ўқилади

Интеллектуал мулк агентлиги супермаркетларда контрафакт маҳсулотларга қарши кураш бўйича янгича ёндашув ишлаб чиқди

“Сиз энг яхшисига лойиқсиз! Контрафактга кўнманг!” шиори остида ўтказилувчи тарғибот лойиҳаси орқали республика барча вилоятларидаги йирик савдо шохобчаларида босқичма-босқич контрафактсиз ҳудуд яратиш кўзланган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги контрафакт маҳсулотлар савдосининг олдини олиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни ташкил қилиш ҳамда супермаркетларни контрафактсиз ҳудудга айлантириш мақсадида йирик супермаркет тармоқлари билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Тўлқин Абдусатторов / Фото: Интеллектуал мулк агентлиги

Интеллектуал мулк агентлиги директори Тўлқин Абдусатторовнинг таъкидлашича, меморандумни имзолашдан кўзланган мақсад контрафакт маҳсулотлар айланмасининг олдини олиш, тадбиркорлар ўртасида ҳалол рақобатни таъминлаш, истеъмолчиларни қалбаки маҳсулотлардан огоҳ этиш, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун қонуний жавобгарликни кучайтиришдан иборат.

“Сиз энг яхшисига лойиқсиз! Контрафактга кўнманг!” шиори остида ўтказилувчи тарғибот лойиҳаси орқали республика барча вилоятларидаги йирик савдо шохобчаларида босқичма-босқич контрафактсиз ҳудуд яратиш ва бунинг натижасида фуқароларга кўрсатилаётган савдо ва хизматлар соҳасида интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларининг ва истеъмолчилар ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳамкорликда ҳимоя қилиш, маҳсулотларнинг ўзга шахсларга тегишли бўлган товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган бошқа маҳсулотларнинг реклама қилинишининг олдини олиш кўзланган.

Фото: Интеллектуал мулк агентлиги

Интеллектуал мулк агентлиги бўлим бошлиғи Фаррух Файзиевнинг сўзларига кўра, меморандум доирасида истеъмолчилар савдо дўконларида сотилаётган маҳсулотлар бўйича Агентликка сўров йўллаш орқали маҳсулотларнинг контрафакт ёки контрафакт эмаслиги бўйича мутахассис фикрини олиш ҳуқуқига эга бўладилар. 

Агентлик лойиҳа орқали барча ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган ҳалол тадбиркорларни ҳамкорликка чақирган. Билдирилишича, ўз маҳсулотларининг контрафакт нусхасига дуч келган тақдирда интеллектуал мулк агентлигининг 1008 ёки (71) 232-50-50 ишонч телефонлари ҳамда @ima_monitoring_bot телеграмм боти орқали хабар бериш имкони яратилди.

Мавзуга оид