2022 йилдан сўнг Россия Федерациясига нисбатан киритилган кенг кўламли санкциялар ҳамда Ғарб компанияларининг Россия бозорини оммавий тарк этиши бутун постсовет маконидаги интеллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш тизимида акс-садо берди.
Айнан Россияда юзага келган ушбу ҳуқуқий бўшлиқ ва давлат даражасида қабул қилинган фавқулодда қарорлар интеллектуал мулк ўғрилигининг янги моделини шакллантирди.
Тўғридан тўғри хорижий инвестициялари билан Россия бозорига кириб келган халқаро брендлар, патентланган технологиялар ва савдо сирлари мамлакатни тарк этган бўлса-да, уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда интеллектуал мулк объектлари Россия ҳукумати томонидан қонунлаштирилган механизмлар орқали маҳаллий компаниялар фойдасига ўзлаштирилди.
Интеллектуал мулк муҳофазаси – Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенцияси, Жаҳон савдо ташкилотининг Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари бўйича битими (TRIPS) ҳамда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) шартномасининг 74–75-моддалари билан тартибга солинар эди. Ушбу ҳужжатлар товар белгиларига бўлган эксклюзив ҳуқуқларни дахлсиз деб эълон қилади ҳамда инсофсиз рақобатни тақиқлайди. Бироқ, Россия Федерацияси ҳукуматининг 2022 йилдаги №299-сонли қарори (дўст бўлмаган мамлакатлар патент эгаларига товон пули тўламаслик ҳақида) ҳамда параллел импортни легаллаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Россиянинг интеллектуал мулк режимини тубдан ўзгартирди.
Амалиётда бу – Россия ички бозорида “структурали қайта брендлаштириш” ва Ғарб компанияларининг савдо сирларини (know-how) мажбурий лицензия қилмасдан ўзлаштириш шаклларида намоён бўлди.
Айнан Россия амалиётида товар белгилари ва интерьер дизайни имитацияси доирасида Америка ва Европа брендларининг мажбурий ўзлаштирилиши кузатилди. Масалан, Россияда McDonald’s бренди “Вкусно и Точка”га, Starbucks эса Stars Coffee'га айлантирилганда товар белгиси расман ўзгаргани билан, Ғарб компанияларининг патентланган технологик карталари, ошхона жиҳозлари, меню структураси ва дўконларнинг интерьер дизайни ҳуқуқ эгаларининг розилигисиз ва товон пулисиз фойдаланилмоқда. Бу – халқаро ҳуқуқда “likelihood of confusion” (истеъмолчини чалғитиш даражасидаги ўхшашлик) мезонига тўлиқ тушади.
Шунингдек, Испаниянинг Inditex концернига кирувчи Zara, Pull&Bear, Bershka дўконлари Россияда Maag, Ecru, Dub номлари остида қайта очилиб, Ғарб дизайнерларининг кийим андозалари ва дўкон эстетикаси деярли ўзгармаган ҳолда сотувга чиқарилмоқда.
Россия саноатининг ушбу амалиёти қандолат ва озиқ-овқат соҳасида савдо сирлари ўзлаштирилиши билан давом этди. Жанубий Кореянинг Orion Corporation компаниясига тегишли Choco Pie товар белгиси мисолида Россиядаги ҳудудий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан расмий лицензиат бўлмаган субъектлар орқали ноқонуний ўхшаш аналоглар ва “кулранг” параллел экспорт нусхалари ишлаб чиқарилмоқда. Натижада оригинал рецептура ҳамда қатъий сифат назоратидан ўтмаган ушбу “сохталаштирилган” маҳсулотлар Россиядан МДҲ бозорларига йўналтирилмоқда.
Бундан ташқари, Россияда сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши қайта брендлаштириш жараёнида СИ воситаларидан фойдаланиб, Ғарб товар белгиларининг график унсурлари (font, ранглар гаммаси, стилистика) доирасида патент талабларига “расман” тушмайдиган, лекин визуал жиҳатдан ўта ўхшаш логотипларни автоматик генерация қилиш ҳамда Россия патент идораси (Роспатент) орқали рўйхатдан ўтказиш амалиётини шакллантирди.
Россияда ишлаб чиқарилаётган ушбу ноқонуний ва қайта брендлаштирилган маҳсулотлар фақат Россия ички бозорида чекланиб қолмай, Россиянинг трансчегаравий электрон тижорат платформалари (Wildberries, Ozon) ҳамда божхона тартиб-таомилларидаги енгилликлар орқали Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига тўсиқсиз кириб келмоқда.
Россия ва ЕОИИ мамлакатлари Ўзбекистон импортида катта улушга эга, бу оқим таркибида Россиядан кириб келаётган ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилган товарларнинг улуши ортиб бормоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 56-боби – интеллектуал мулк объектларини Божхона реестрига киритиш тартибидаги етарсиз амалий механизмлар сабаб бўлмоқда.
Реестрдан фақат ҳуқуқ эгасининг ёки унинг расмий вакилининг аризасига кўра фойдаланилиши, Ғарб брендларининг Россияни тарк этгач, минтақада ҳам расмий ваколатхоналари фаолияти чеклангани сабабли, божхона органларига ex-officio (ўз ташаббуси билан) чора кўришда ҳуқуқий ваколат етишмовчилиги келиб чиқмоқда. Натижада Ўзбекистон ҳудудида халқаро бренднинг мутлақ лицензиясини сотиб олган ва миллионлаб доллар инвестиция киритган ҳалол субъектлар, Россиядан кириб келаётган, лицензия тўловларидан холи бўлган арзон товарлар билан инсофсиз рақобатга киришишга мажбур бўлмоқда.
Масалани янада долзарблаштираётган яна бир муҳим омил – Россиядаги Wildberries ва Ozon каби гигант электрон тижорат платформаларининг йирик логистика омборларида юз берган фавқулодда техноген ҳолатлар, ёнғинлар, портлашлар ҳамда хавфсизлик ва санкция хатарлари сабабли ўз омбор инфратузилмасини қисман Ўзбекистонга кўчира бошлаши эҳтимоли ҳақидаги хабарларнинг пайдо бўлиши.
Ушбу логистика марказларининг мамлакатимизга эҳтимолий кўчирилиши Ўзбекистонни нафақат Россия контрафакти учун шунчаки истеъмол бозорига, балки интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилган “кулранг” товарларни сақлаш, саралаш ва бутун Марказий Осиё бозорига тарқатиш бўйича минтақавий марказга айлантириш хавфини туғдирмоқда. Натижада Ўзбекистон Божхона қўмитаси ва Интеллектуал мулк агентлиги зиммасига тушадиган назорат юкламаси кескин ортиб, мамлакатимизнинг интеллектуал мулк муҳофазаси бўйича халқаро мажбуриятларини ҳамда ЖСТ музокараларидаги позициясини хавф остига қўймоқда.
Россия омили сабабли юзага келган ушбу мураккаб занжир Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида ҳам жиддий ҳуқуқий хавфларни туғдиради. ЖСТга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири TRIPS битими (Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари) нормаларини миллий қонунчиликка ва амалиётга тўлиқ транспозиция қилишдир. TRIPS битимининг 41–61-моддалари аъзо давлатларга интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилишига қарши самарали, шу жумладан чегарадаги ҳимоя чораларини (Border Measures) жорий этиш мажбуриятини юклайди.
Ўзбекистон ҳудудининг Россияда контрафакт ва экспроприация қилинган интеллектуал мулк объектлари ҳамда уларнинг кўчирилган электрон тижорат омборлари учун транзит ва тарқатувчи бозорга айланиши ЖСТ Ишчи гуруҳи музокараларида мамлакатнинг савдо ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Россия намойиш этаётган ушбу тажриба халқаро ҳуқуқ учун катта мантиқий ва ҳуқуқий зиддиятни ўртага ташламоқда: Россиядек минтақавий йирик бозорда Ғарб компанияларининг савдо сирлари ҳамда товар белгиларини давлат даражасида ўзлаштириш ва қайта брендлаштириш одатий ҳолга айланса, TRIPS ва Париж конвенцияси каби халқаро шартномалар ўз кучини сақлаб қола оладими?
Россиядан арзон ва муқобил товарлар оқимини ҳамда логистика марказларини қабул қилиш орқали иқтисодий фаолликни ушлаб туриш каби қисқа муддатли манфаатлар, узоқ муддатда Ўзбекистон миллий интеллектуал мулк муҳофазаси тизимининг емирилишига олиб келмаслиги керак. Россия контрафакти ва “кулранг” импортга етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаслиги – мамлакатимизга тўғридан тўғри Ғарб инвестициялари кириб келишини тўхтатувчи асосий омилдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бир нечта тизимли чоралар кўрилиши зарур.
Биринчидан, Божхона реестрига киритилмаган бўлса-да, халқаро эътироф этилган брендларнинг Россияда яратилган контрафакт нусхаларини аниқлаш бўйича Божхона қўмитасига ex-officio (ўз хизмат вазифасига кўра) товарларни вақтинча ушлаб туриш ваколатини қонунчиликда мустаҳкамлаш лозим.
Иккинчидан, Ўзбекистонга ўз омборларини кўчираётган Россиянинг трансчегаравий электрон тижорат операторларига (Wildberries, Ozon ва ҳ.к.) Ўзбекистон истеъмолчиларига сотилаётган ва мамлакат омборларида сақланаётган товарларнинг товар белгиларига бўлган ҳуқуқий тозалигини (IP clearance) текшириш ва мажбурий жавобгарлик юклаш механизмини жорий этиш даркор.
Учинчидан, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк департаменти ўртасида Россиядан кириб келаётган структурали қайта брендлаштириш ва инсофсиз рақобат ҳолатларини аниқлаш бўйича қўшма экспертиза методологиясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Севинчбека Ҳазратқулова,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси









