Адлия вазирлиги томонидан интеллектуал мулк объектларига бериладиган патент ва гувоҳнома шакллари давлат рўйхатидан ўтказилди. Тегишли ҳужжат 2026 йил 24 июль куни 3909-сон билан давлат рўйхатидан ўтган.
Ҳужжатга мувофиқ, интеллектуал мулк объектларига оид жами 12 турдаги патент ва гувоҳнома шакллари тасдиқланди. Улар орасида ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, ўсимлик нави ва ҳайвон зоти учун патентлар, шунингдек, товар белгиси, ҳаммага маълум товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқига оид гувоҳномалар мавжуд.
Бундан ташқари, электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар, маълумотлар базалари ҳамда интеграл микросхемалар топологияларининг расмий рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома шакллари ҳам тасдиқланди.
Адлия вазирлиги қайд этишича, мазкур патент ва гувоҳнома шакллари интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни расмий тасдиқлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.











