The Insider ва Der Spiegel Алексей Навальнийнинг ҳолати сезиларли даражада яхшилангани ҳақида ёзди. Der Spiegel хабарида россиялик мухолиф сиёсатчи яна гапира олиши, эҳтимол Томск — Москва самолёти бортида нималар бўлганини эслаши мумкинлиги айтилган. The Insider нашри эса Навальний соғлиги ёмонлашидан олдин содир бўлган воқеаларни эслай олгани ҳақида ёзди. Нашр унинг нутқи тиклангани бўйича аниқлик киритмаган, аммо Навальнийнинг аҳволи «бу вазиятда кутилганидан яхшироқ экани», у 7 сентябрь куни сунъий комадан чиққанидан кейин «тўлиқ ўзига келгани»ни маълум қилган. Ўшанда шифокорлар у атрофидагиларнинг мурожаатларига базўр реакция қилаётганини айтишганди.

Hayong Jeon / EPA / Scanpix / LETA

The Insider нашри шифокорларга асосланиб хабар қилишича, Навальный ақлий жиҳатдан деярли тўлиқ тикланган, жисмоний жиҳатдан эса камида 90 фоизга тикланган (Der Spiegel мақоласида бу ҳақда келтирилмаган). The Insider сиёсатчи «Новичок»дан заҳарланган бошқа қурбонлар — Сергей Скрипаль ва Емельян Гебрев билан таққослаганда анча тез ва осон тикланаётганини қайд этган. Нашр маълумотига кўра, шифокорлар Навальнийнинг олдига нафақат рафиқаси, балки бошқа меҳмонлар ҳам киришига рухсат беришган (Der Spiegel мақоласида бу маълумотлар ҳам йўқ, нашр фақат Навальний соғлиги яхшилангани сари кўпроқ зиёратчиларни қабул қилиши мумкинлигини ёзган).

Der Spiegel маълумотига кўра, Берлин полицияси Навальнийни қўриқлашни кучайтирган (полициядагилар эса бу ҳақда бехабарликларини билдиришган). Хабарда айтилишича, сиёсатчининг аҳволи яхшилангач, ҳуқуқ-тартибот органлари унинг ҳаётига яна суиқасд амалга оширилишидан хавотирга тушишган. The Insider манбаси хабарига кўра, Навальнийнинг олдига кириш учун уч босқичли қўриқлаш тизимидан ўтиш керак бўлади. Хавфсизлик чораларининг юқори даражаси 9 сентябрь куни, сиёсатчи барчасини эслай бошлаганидан кейин жорий этилгани айтилмоқда. Манба маълумотига кўра, Германияда нафақат Навальнийга жисмоний таҳдидларга, балки сиёсатчи даволанаётган «Шарите» клиникасини обрўсизлантириш учун «ахборий хуружлар» уюштирилишига тайёрланишмоқда.

EPA

9 сентябрь куни Германиядаги яна бир нашр Die Zeit Алексей Навальнийга «Новичок»нинг янги тури билан суиқасд уюштирилгани, мазкур модда аввалгиларига нисбатан хавфлироқ экани ҳақида хабар тарқатганди. Манба сўзларига кўра, Навальнийни заҳарлаган шахслар уни самолётда ўлдиришни мақсад қилишган, сиёсатчи омадли тасодифлар занжири сабаб омон қолган — учувчининг тезкор ҳаракати ва самолётни қўндириши, шифокорларнинг беморга жуда тез атропин дорисини юборгани шулар жумласидан. Бу маълумотлар The Insider нашрида ҳам такрорланган. Der Spiegel эса Германия хавфсизлик хизматидаги манбага асосланиб ёзишича, бундай амалиёт фақат рус махсус хизматлари томонидан амалга оширилиши мумкин. Хабарда сиёсатчини заҳарлашда қўлланган заҳар Россиядаги ҳарбий лабораторияда тайёрлангани айтилган. Бу модда Навальний чой ичган идиш орқали аниқланган, бу идиш сақлаб қўйилган ва Германияга юборилганди; The Insider’нинг қайд этишича, заҳарловчилар бу детални эътибордан четда қолдириши уларнинг катта хатоси бўлган.