Жаҳон | 09:03 / 11.09.2020
5612
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқандда ўтказишга тайёр

2020 йилнинг 9 сентябрь куни «Ўзбекистон-АҚШ-Афғонистон» уч томонлама ҳамкорлик механизмининг Сиёсат бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов, АҚШ давлат котибининг Афғонистон бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ненси Жексон, Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвайс Нааб раҳбарлик қилди.

ТИВ хабарига кўра, тадбир давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни, томонлар ўртасида сиёсий мулоқотни кучайтириш, инсон ҳуқуқлари, диний эркинлик ва одам савдоси йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кўламини ошириш, транспорт-коммуникация, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда Афғонистон иқтисодиётини изчил ривожланишига кўмаклашишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар Афғонистон учун Кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини билдириб, у минтақавий ва глобал ёндашув асосида тайёрланиши муҳимлиги таъкидладилар. Шу нуқтайи назардан 2018 йил март ойида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясининг концептуал аҳамияти яна бир бор эътироф этилди.

Учрашув иштирокчилари афғонлараро музокараларнинг биринчи доирасини Доҳа шаҳрида (Қатар) ўтказиш тўғрисидаги қарорни мамнуният билан қўллаб-қувватладилар. 

Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид