Спорт | 12:43 / 11.09.2020
10291
2 дақиқада ўқилади

«Тяньцзинь Тэда» Одил Аҳмедовни таништирди

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Одил Аҳмедов Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клубидан «Тяньцзинь Тэда» жамоасига ўтди.

Ўзбекистонлик 32 ёшли футболчи Хитой Суперлигаси 10-тури доирасидаги «Шанхай СИПГ» клубининг «Циндао» билан ўтган (2:1) баҳсидан сўнг «Тяньцзинь Тэда» сафига бориб қўшилди.

Клуб бугун футболчимиз билан шартнома имзолаб, Одил Аҳмедовни расман таништирди. Шартнома муддатли ва шартлари эълон қилинмаган.

Одил Аҳмедов шанхайликлар сафида 2017 йилдан буён ҳозиргача 98та учрашувда майдонга тушиб, 10та голга муаллифлик қилган, Хитой Суперлигаси чемпионлиги ва Суперкубоги ғолибига айланганди.

«Тяньцзинь Тэда» клубини Жанубий Корея миллий жамоаси собиқ бош мураббийи германиялик Ули Штилике бошқармоқда. 

Эслатиб ўтамиз, яримҳимоячимиз «Шанхай СИПГ» клуби сафидаги сўнгги тур ўйинида майдонга тушмаган ва натижада клуби мавсумдаги илк мағлубиятни қарши олганди. Шанхайликлар Хитой Суперлигаси 10-туридан кейин 8 жамоа жой олган «В» гуруҳида 23 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Тяньцзинь Тэда» эса шу гуруҳда охирги – 8-ўринни эгаллаб турибди. Бу клуб мавсумдаги 10 ўйинда фақат битта дуранг ва 9та мағлубият қайд этиб, 1 очко тўплаган.

Маълумот учун, ушбу клубда бир неча йил аввал Зайниддин Тожиев, Фарҳод Тожиев ҳамда Александр Клецков сингари ўзбекистонлик футболчилар тўп суришган.

Мавзуга оид