Ҳолбуки, маълум бир ҳудуддан кўп қаватли уй қуриш учун ўша ҳудудда яшовчи фуқаролар билан келишувга эришилиши керак. Ҳарҳолда, қонун устувор бўлган жамиятда хусусий мулк дахлсизлиги ҳам таъминланиши даркор.

Фуқаро Холмуродов бир неча йилдан бери қурилиш майдони ичида қолиб кетган уйда яшайди. Уйи батамом авария ҳолатига келиб қолган. Ана шу кўриниб турган ҳолатни Самарқанд шаҳридаги бирор-бир мутасадди кўрмаётгани қизиқ.

Фуқаронинг нажот сўраб турли идораларга ёзган хатларию олган жавобларини тўплаб ёқса — қишнинг совуқ кунида битта уйни иситишга етади.

Бу ҳудудда кўп қаватли уй қурилишини бошлаган ташкилот «Жаҳон кафолат стил» ХК ҳисобланади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 2017 йилда ушбу корхонага қурилиш учун рухсат берган. Мазкур қарор қурилиш корхонасига Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 26 майдаги 97-сонли қарорида белгиланган тартибда шу ҳудудда яшовчи фуқароларни кўчириш шарти билан берилган. Аммо фуқароларнинг ҳаммаси ҳам кўчирилмай туриб қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Оқибатда Фарид Холмуродов деярли уйсиз аҳволда қолган.

Аввалига қурилиш кетаётган ҳудуддаги уйида оиласи билан яшашга мажбур бўлган. Кейин эса оиласини Пайариқ туманига кўчириб юбориб, яшаш учун хавфли бўлган мана шу уйда ёлғиз ўзи қолган. Ҳозирги вақтда бу уйга киришга қўрқиб ҳам қолган.

Аслида, фуқаронинг дардини тинглайдиган, муаммоларини ҳал қиладиган ташкилотлар бор. Ф.Холмуродов дастлаб ана шу ташкилотларнинг деярли барчасига мурожаат қилиб чиққан. Биргина Самарқанд шаҳар ҳокимлигига 6-7 марталаб мурожаат қилган. Муаммо эса уч йил олдин қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам худди шундайлигича қолмоқда.

Фуқаронинг энг сўнгги мурожаатига асосан, шу йил 11 сентябрь куни вилоят Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси вакиллари ҳолатни жойида ўрганган, далолатнома тузишган. Улар тузган далолатномада қуйидаги сўзлар ёзилган:

«Фуқаро Холмуродов Фарид бундан олдин ҳам бир неча марта мурожаат қилган бўлиб, шу вақтгача қурувчи ҳамда фуқаро ўртасида уй-жойни олди-сотди шартномаси келишилмаганлиги маълум бўлди...».