Жаҳон | 15:26 / 14.09.2020
28612
3 дақиқада ўқилади

Япониянинг янги етакчиси Ёсихидэ Суга – деҳқон ўғли, сиёсий ўйинлар устаси

Япониядаги ҳукмрон Либерал-демократик партиянинг янги раиси Ёсихидэ Суга узоқ йиллар давомида учинчи ва иккинчи даражадаги ролларни ижро этишни маъқул кўрган, аммо ҳозирда бош вазир лавозимига ишончли йўл очган моҳир сиёсий ўйинчи ҳисобланади. У чоршанба куни бош вазир лавозимига сайланиши кутилмоқда.

Фото: Eugene Hoshiko/Pool via REUTERS

Картон фабрикаси ишчиси 

Ёсихидэ Суганинг отаси босиб олинган Манчжурияда темир йўл ишчиси бўлган, Токионинг Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятидан сўнг Япония шимолига қочиб ўтган ва деҳқончилик билан шуғуллана бошлаган. Ёсихидэ 1948 йилда ўша ерда дунёга келган.

Унинг отаси меҳнаткаш бўлиб, қулупнай етиштириш билан шуғулланган, бренд яратиб, доимий харидорларга эга бўлган ва ҳатто маҳаллий муниципалитет депутатлигига ҳам сайланган. Аммо бўлажак бош вазирнинг болалиги ва ўсмирлиги осон кечмаган - юқори синфларда у ҳар куни 20 км узоқликдаги мактабга бориб-келишига тўғри келган.

Ўқитувчи онаси унинг педагогика институтида ўқишини, отаси эса қишлоқ хўжалиги институтига киришини истаган, бироқ ёш Суга Токио ҳақида орзу қиларди — у деҳқончиликдан, отасининг қулупнайларидан қутулишни истарди. Ёсихидэ пойтахтдаги ўқиш учун тўлов энг арзон бўлган университетлардан бирига ўқишга кирди. Университетга тўлов учун пулни эса картон қутилар тайёрлайдиган фабрикада, ошхонада ишлаб, газета тарқатиб топарди. 

 Сиёсатчининг шахсий котиби

Университетни сиёсатшунос дипломи билан битиргач, у хусусий фирмага ишга кирди, аммо тез орада ҳукмрон партия дунёсига ўтб кетди. Суга сиёсатчилардан бирининг котиби бўлди ва 11 йил шу лавозимда ишлади. Юқори доираларда алоқалар ўрнатишга эришган Суга 1987 йилда ўз сиёсий фаолиятини бошлади – Йокоҳама шаҳри қонунчилик йиғилишига, 1996 йилда эса ҳукмрон Либерал-демократик партиядан миллий парламентга сайланди.  

 Ишончли сиёсатчи

2007 йилда бир йил фаолият олиб борган Синдзо Абэ ҳукуматида Суга вазир лавозимини эгаллади. Ўша йили Абэ ошқозон яраси ташхиси билан шифохонага ётқизилган ва унинг сиёсий фаолияти якунига етгандек эди.

Аммо Суга уни ўзига ишонишга мажбур қила олди ва 2012 йилги сайловларда ҳукмрон партия ғалаба қозонди. Ёсихидэ ҳукумат бош котиби лавозимини эгаллади ва ҳозир ҳам шу лавозимда. У бу лавозимда ҳаммадан кўп ишлаб келган сиёсатчи ҳисобланади: Синдзо Абэ вазирларни алмаштирган, аммо Суга ҳамиша ўз ўрнида қолган — бош вазир унга чексиз ишонч билдириб келган.

 Ёшига нисбатан тетик

71 ёшни қоралаган бўлишига қарамасдан, Суганинг жисмоний ҳолати аъло даражада. У ҳар кун эрталаб бешда уйғонади, 100 марта ўтириб-туриш машқини бажаради ва пиёда 40 дақиқа йўл босиб уйидан бош вазир қароргоҳига боради. Унинг истеъфога чиқаётган Абэ билан умумий ўхшаш жиҳати бор — Суга мутлақо спиртли ичимлик истеъмол қилмайди. Турмуш ўртоғи Марико билан тақдирини котиблик вақтида боғлаган бўлиб, уларнинг уч нафар ўғли бор.

Мавзуга оид