Беларусь давлат ахборот агентлиги БелТА хабарига кўра, президентлар икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, иттифоқчилик муносабатлари мавзуси, халқаро муаммолар ва минтақадаги вазият, юзага келган чақириқларга биргаликда жавоб қайтариш масалаларини муҳокама қилишган.

Учрашувдан аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳужжатлар имзоланмаслиги ва матбуот анжумани ўтказилмаслиги ҳақида маълум қилганди. У шунингдек, «савдо-иқтисодий, энергетик, маданий-гуманитар соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар, қарздорлик масалалари, шунингдек, ЕОИИ ва МДҲ доирасидаги интеграцион жараёнларни ривожлантириш масалалари одатдаги каби икки давлат раҳбари мулоқоти кун тартибида бўлиши» ҳақида гапирганди.

Лукашенконинг ўзи учрашувда икки давлат бош вазирлари учрашувидаги келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун «қалин нуқта» қўйилишини айтганди.

Икки президент учрашуви арафасида Лукашенконинг августдаги сайловлардаги асосий рақиби Светлана Тихановская мурожаат билан чиқди.

«Мен Владимир Путинга эслатиб қўймоқчиман: Сочида нимага келишсангиз ҳам - бу қонуний кучга эга бўлмайди. Ноқонуний президент Лукашенко томонидан имзоланган барча келишувлар янги ҳукумат томонидан қайта кўриб чиқилади. Чунки беларусь халқи сайловларда Лукашенкога ишонч билдирмаган ва унга овоз бермаган. Мен жуда афсусдаман, сиз Беларусь халқи билан эмас, диктатор билан мулоқот қилишга қарор қилдингиз», дея унинг сўзларини келтирган Tut.by.

Шунга ўхшаш баёнот Беларусь мухолифати Мувофиқлаштирувчи кенгаши томонидан ҳам берилган, унда кенгаш «Беларусь ва Россия муносабатларини ёмонлаштириш»ни ўз олдига мақсад қилиб қўймагани алоҳида таъкидланган.

Путин ва Лукашенко нималар деди
Музокаралар очилишида икки томон камералар қаршисида бир қанча баёнотлар беришди ва кейин давлат раҳбарларининг ёпиқ эшиклар ортидаги «тет-а-тет» форматидаги музокаралари бошланди.

EPA
  • Россия Беларусга «қийин паллаларда» 1,5 миллиард долларлик кредит ажратади;
  • Беларусь россияликларнинг коронавирусга қарши вакцинасини олувчи илк давлат бўлади;
  • Лукашенко Путинга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди ва «дўст кулфатда билиниши, бу постсовет республикаларига ўрнак бўлиши» ҳақида гапирди;
  • Лукашенконинг сўзларига кўра, Россия — Беларуснинг катта оғаси. Аммо НАТО беларуслар билан ҳисоблашмайди ва чегарада «қуролларини пеш қилади», шу туфайли уларга жавоб қайтариш керак.