Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 сентябрь куни электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда электр энергияси ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини тўлиқ жорий этиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

“Электр энергияси ва табиий газ ҳаёт ва иқтисодиёт учун жуда зарур ресурслардир. Бу тармоқлар инфратузилмаси узоқ йиллар модернизация қилинмагани сабабли уларни етказиб беришда йўқотишлар кўп эди. Ҳисоб-китобни жой-жойига қўйиш учун автоматлаштирилган тизимлар зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Хусусан, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилган 7 та туман ва шаҳарда тўловлар ундирилиши 40 фоизга ошган, дебитор қарздорлик эса 20 фоизга қисқарган. Ушбу тизимни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бу мақсадлар учун қарийб 1,2 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда.

– Бу маблағларнинг натижадорлиги ва қайтими фақатгина ҳисоблагичларни ўрнатиш билан ҳал бўлиб қолмайди. Истеъмолчи сарф қилган энергия ресурси ҳажмини билиш билан тизимдаги йўқотишлар ва ўғирликларга чек қўйиб бўлмайди. Бунинг учун “энергияни ишлаб чиқарувчи – магистрал тармоқлар – тақсимлаш тармоқлари – истеъмолчи” жараёнларининг ҳар бир занжирини қамраб олувчи яхлит онлайн тизимни яратиш керак, – деди давлат раҳбари.

Ҳамма жойда ҳисоблагичлар ўрнатиш, уларга хизмат кўрсатадиган сервислар ташкил этиб, узлуксиз ишлашини таъминлаш, малакали кадрлар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, қарздорликни вақтида тўлаш, тармоққа ноқонуний уланишларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириши лозимлиги айтилди.

Бугунги кунда жойларда қарийб 4 миллион дона электр энергияси ҳисоблагичи ўрнатилиб, шундан 2 миллионтаси ягона электрон базага уланган. Йиғилишда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига йил якунигача яна 3,5 миллион дона электр ҳисоблагич ўрнатиб, 2021 йил 1 мартга қадар автоматлашган тизимни тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, йирик истеъмолчи ва тадбиркорлик субъектлари, тақсимлаш пункти ҳамда трансформаторларга электрон ҳисоблагичлар ўрнатиб, уларни ҳам ягона электрон базага улаш бўйича топшириқ берилди.