Ўзбекистон | 16:22 / 16.09.2020
14865
3 дақиқада ўқилади

Мигрантларга патент Ўзбекистонда берилишига Россия ҳали рози бўлмаяпти - агентлик

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи биринчи ўринбосари Давлатназар Матрасулов Россияга ишлашга борувчилар учун Ўзбекистонда патент бериш масаласида гапирди.

«Патент олиш яъни уни тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш масаласида Россия Федерацияси билан 3та халқаро шартномамиз мавжуд. Россиялик масъуллар Ўзбекистонга келиб, шу ерда патент беришни зиммасига олишганди. Бироқ, бу ҳали қонунийлаштирилмаган. Шу масала бўйича ишни тезлаштириш ва ўзаро музокара ўтказиш учун бир гуруҳ раҳбарлар Россияга жўнаб кетишган.

Биламизки, Россияга ишлашга чиқиб кетган мигрантлар патент олиши учун 20-30 кунгача вақт талаб қилинади. Патент берадиган марказга мурожаат қилади, ариза, паспорт таржимаси, тиббий кўрик ҳужжатлари топширади. Бир ҳафта тилга ўқийди, тўловлари бор ва охирги босқичда ички ишлар бошқармасидан тегишли рўйхатдан ўтгандан кейингина патент берилади.

У ерга борганидан кейин патент олмаса, иш берувчи уни ишга қабул қилишга ҳаққи йўқ. Фуқаромиз эса дарров ишлай олмайди. 20-30 кун давомида ишсиз ўтириши, боқимонда бўлиши керак ёки ноқонуний ишлаб «депорт» бўлиб ортига қайтиб келиши ҳам мумкин.

Бунинг олдини олиш учун эндиликда шу ернинг ўзида тўланадиган маблағлари, суғурта, чипта, ариза ва тилга ўқитиш масалалари ҳал қилиб берилади.

Фақатгина иккита жараёнга биз аралаша олмаяпмиз. Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар раҳбарияти бунга рухсат бергани йўқ. Улар мигрантлар патентни бу ерга кеганидан кейин олади, деган шартни қўйган. Ҳозирда бошқа барча хизматларни Ўзбекистонда қилиш имкони яратилди. Агар Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар бошқармаси билан келишувга эришсак, патентни шу ернинг ўзида берадиган қиламиз», деди  Давлатназар Матрасулов президентнинг «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, айни пайтда Россияда 1,5 миллиондан ортиқ ўзбеклар меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Ҳар йили Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 100-150 минг нафари иш етишмаслигидан хорижга ишлаш учун кетишга мажбур бўлади. Аммо патент ва виза олиш масаласи ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

 

Мавзуга оид