Ўтган ҳафтада бир қатор қизиқарли трансферлар амалга ошди. Италияда «Рома» уч футболчиси билан хайрлашди, Англиянинг «Астон Вилла» ва «Вулверҳэмптон» клублари эса трансфер рекордларини янгилашди. Бу вақтда Гонсало Игуаин MLS чемпионатига, Майамидаги «Интер» клубига йўл олган, «Вест Бромвич» бош мураббийи Славен Билич «Челси» ва «Зенит»нинг собиқ ҳимоячиси Бранислав Ивановични кутмоқда. Қуйида ўтган ҳафтада амалга ошган асосий трансферлар келтирилади.
Хамес Родригес («Реал»дан «Эвертон»га)

Колумбиялик футболчи ниҳоят «Реал»дан бутунлай кетди. У ўтган мавсумда Ла Лига ўйинларида атиги 8 ўйинда майдонга тушиб, бир гол урди ва бир голга узатма берди. «Қаймоқранглилар»нинг ўзи ҳам Карло Анчелотти томонидан қизиқиш билдирилаётган Хамесдан қутулишга тайёр эканликларини билдиришганди. Италиялик мураббий 29 ёшли футболчи билан ўз вақтида «Реал»да бирга ишлаган, кейинроқ уни «Бавария»га ҳам чақирганди. Ўтган ҳафта бошида «Эвертон» Хамеснинг трансфери ҳақида расман эълон қилди. Sky Sports маълумотига кўра, «ирислар» футболчи трансфери учун 24,5 млн евро тўлашган. Колумбиялик футболчи кейинроқ яна бир йилга узайтириш шарти билан икки йиллик шартнома имзолади. Хамес Карло Анчелотти ва унинг ёрдамчилари билан мўъжизалар яратишга тайёрлигини айтиб ўтган. У АПЛда дебют қилишга ҳам улгурди - биринчи турда «Эвертон» «Тоттенҳэм»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Александар Коларов («Рома»дан «Интер»га)

34 ёшли серб ҳамон юқори спорт формасини сақлаб қолмоқда. Йил бошида «Рома» футболчи билан шартномани узайтирганди, ёзда эса Миланнинг «Интер» клуби унинг трансфери бўйича алоқага чиқди. Журналист Жанлука Ди Марционинг маълумотига кўра, «нерадзурри» Коларов учун 1,5 млн евро ва қўшимча бонуслар (жумладан, футболчи билан шартнома узайтирилиши эвазига) таклиф этган. Бу таклиф нафақат «Рома»ни, балки футболчининг ўзини ҳам қаноатлантирган, у янги клубида йилига 3,5 млн евро миқдорида маош олади. «Интер» бош мураббийи Антонио Конте ҳимоядаги бир қанча позицияларда ҳамда яримҳимояда ҳам ўйнай оладиган Коларовни таркибда кўришни жуда истаганди. Серб учун «Интер» фаолиятида учинчи итальян клуби бўлди - у «Манчестер Сити»га ўтишдан олдин «Лацио»да ўйнаган, 2017 йилда Англиядан «Рома»га келганди.
Янник Феррейра Карраско («Далянь Про»дан «Атлетико»га)






















