Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган маҳсулотларнинг Ягона электрон каталогини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектлари фойдаланадиган маҳсулотлар номларини унификациялаш бўйича ишлар олиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бирламчи ҳужжатларда унификациялашган маҳсулот (товарлар, хизматлар) номларидан фойдаланиш, шу жумладан босқичма-босқич маҳсулотларнинг ноёб кодларини (штрих-кодларини) унификациялашган маҳсулот номларига автоматик равишда боғлаш тўғрисидаги таклифига розилик билдирилади.
Қуйидагилар:
- Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (2017 йил версияси) асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот, товар ва хизматлар асосий турларининг ягона электрон каталоги;
- Маҳсулотлар (товарлар, хизматлар)нинг Ягона электрон каталогини юритиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Хўжалик юритувчи субъектларнинг тузилган шартномаларини Ягона шартномалар ахборот платформасида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Белгиланишича:
- 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб - маҳсулот, товар ва хизматлар асосий турларининг ягона электрон каталогида кўрсатилган маҳсулот ноёб номлари ва идентификация кодларини электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш;
- 2021 йил 1 январдан бошлаб – тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни, Ягона электрон шартномалар информацион порталида рўйхатдан ўтказиш;
- 2021-йил 1 февралдан – электрон ҳисобварақ-фактураларида маҳсулотларнинг унификациялашган номлари ва Ягона электрон шартномалар информацион порталида рўйхатга олинган шартномалари асосида уларнинг маҳсулотлар ва хизматлар учун идентификация кодларининг (МХИК) автоматлаштирилган тарзда акс этилиши жорий қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий ахборот маркази давлат унитар корхонаси Каталог ва Ягона электрон шартномалар информацион порталини юритувчи оператор деб белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тадбиркорлик субъектлари таклифлари ҳамда бозорда янги маҳсулот турлари шаклланиши асосида Каталогга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилади.
















