Фан-техника | 18:02 / 20.09.2020
7801
1 дақиқада ўқилади

Apple 536 миллиард долларга арзонлашиб кетди

Apple компаниясининг акциялари тарихий максимумга эришган 2 сентябрдан бошлаб 22,5 фоизга арзонлашиб кетди. Бунинг оқибатида компания капиталлашуви 3 ҳафтада 536 млрд долларга қисқарган.      

Компания акциялари нархи бу вақт ичида 107 долларгача тушиб кетган, капиталлашуви эса 2,247 трлн доллардан 1,842 трлн долларгача қисқарган.

Ушбу вазиятнинг аниқ сабаби йўқ. Мутахассислар компания яқинда ўтказган тақдимот унча ёрқин бўлмаганини айтишмоқда, бироқ Apple акциялари бу тадбирдан анча олдин қийматсизлана бошлаган. Таҳлилчилар, шунингдек, бунга сабаб сифатида фонд биржасининг ички жараёнлари ва Apple акциялари нархи ҳаддан зиёд ошириб юборилганини айтишмоқда.  

Бир ой аввал Apple ўз капиталлашуви 2 трлн долларга етган АҚШдаги биринчи ва дунёдаги иккинчи компанияга айланганди. Компания бунга кўплаб таҳлилчилар прогноз қилгандан анча тезроқ эришган.

Бироқ компания акциялари максимум қийматга етгач нархини йўқота бошлаган ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Аммо улкан йўқотишларга қарамай, компания ўз рақобатчиларини анча ортда қолдириб, дунёдаги энг қиммат компания бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид