Azon News'нинг «Савол-жавоб» лойиҳасида «Ислом молияси ва ҳалол тижорат» мавзусида суҳбат ташкил этилди. Унда «Ислом молияси» лойиҳаси муаллифлари – Хондамир Нусратхўжаев ва Музаффар Ҳусниддиновлар ислом молиясига оид кўплаб саволларга жавоб беришди.
– Ислом молияси нима? У нимага асосланади? Ислом молиясининг оддий молиядан фарқини тушунтириб берсангиз.
Музаффар Ҳусниддинов:
– Ислом молияси бу – бошқа молия тизимлари каби фаолият юритадиган, яъни пул билан боғлиқ амалиётларни бажарадиган молия тизими. Бу тизимда ҳам банклар, суғурта компаниялари, турли молиявий ташкилотлар бўлади. Фарқи – мамлакат қонунчилигидан ташқари, ислом молияси, яъни фиқҳ қоидаларига ҳам жавоб бериши талаб қилинади.
Бу ердаги асосий талаб – нимага суянади дейилганида, ислом динининг манбаларига суянади. Яъни асосий манбалар – Қуръон, суннат, ундан ташқари фиқҳ манбаларидаги ижмо, қиёс усулларидан фойдаланилади.
Ислом молиясининг асосий тамойилларидан энг биринчиси бу – рибонинг тақиқланганлиги. Ислом молияси билан шуғулланадиган ислом банклари ёки такофул компаниялари рибога оид амалиётларни бажармайди, яъни қарз берадиган бўлса, унинг устига қўшимча фоиз олмайди. Унинг ўрнига бошқа олди-сотди, шерикчилик битимларини таклиф қилади.
Иккинчи тамойил ғарар деб аталади. Яъни юқори даражадаги ноаниқлик, мавҳумлик, турли спекуляция ўйинларини ислом молияси амалга оширмайди.
Бундан ташқари, фаолиятнинг ўзи. Масалан, ислом динида тақиқланган фаолиятлар – спиртли ичимликлар, қимор, рибо ёки турли бузуқ соҳаларга инвестиция киритмайди. Қисқача шундай таъриф беришимиз мумкин.
– Ислом молияси ва ҳалол тижорат доирасида фаолият юритиш учун таълим оладиган талабаларга қандайдир грантлар, илм олиш имкониятлари борми? Ўқишни тамомлагач, қаердан иш топиш мумкин, тўлиқроқ маълумот бера оласизми?
Хондамир Нусратхўжаев:
– Бу саволни кўпчилик сўрайди. Авваламбор, бир нарсани тушуниш керак: ислом молиясида ислом ва молия деган сўзлар бор. Бунинг учун албатта молия, иқтисодни тушуниш керак. Иқтисод ўзи нима, қандай ишлайди, вазифалари нималардан иборат? Молия, давлат молияси, корхонанинг молияси нима дегани, қандай тамойилларга суянган – бу нарсаларни албатта билиш керак.














