Масуд Маннан суҳбат бошида Ўзбекистондаги фаолияти давомида кузатган 3та муҳим ўзгаришни санади.

“Ўзбекистон сиёсатида очиқлик пайдо бўлди. Масалан, мен чет элдан Ўзбекистонга бизнес қилиш мақсадида келсам, осонроқ қоидалар бўлишини хоҳлайман. Бунга имкон пайдо бўлди. Шунингдек, четдан инвестиция киритиш осонлашди.

Сиёсат очилиши билан Ўзбекистон бошқа давлатлар, айниқса, халқаро молиявий ташкилотлар билан алоқаларини мустаҳкамлади. Олдингига қараганда бу йўналишда кўпроқ очиқлик кузатилди.

Иккинчи ўзгариш эса давлат раҳбарининг халққа яқинлашиш стратегияси ҳисобланади. У давлат амалдорларининг халққа яқин бўлишини, халқни ҳурмат қилишини хоҳлайди. Бу стратегияда давлат амалдорлари халқни бошқариши эмас, балки халққа хизмат қилиши кераклиги назарда тутилган.

Учинчи ўзгариш эса Ўзбекистон президентининг қўшни давлатлар, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон билан муносабатларда муваффақиятли сиёсат юритаётгани билан боғлиқ. Бундан ташқари, Афғонистонга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Қўшни давлатларга алоҳида эътибор қаратиш эса Ўзбекистоннинг янги халқаро сиёсатининг бир қисмига айланди. Бу мен кўрган учинчи ўзгариш”, - дейди элчи.

У Ўзбекистон томонидан Афғонистонга алоҳида эътибор берилаётганига, давлатнинг коммуникация тизимини яхшилашга ёрдам бераётганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Бангладеш элчиси Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни ҳам ижобий баҳолади. Ўлим кўрсаткичининг пастлиги, қатъий карантин даврида бозорларда таъминотда узилиш бўлмагани, нархлар юқорилаб кетмаганини эътироф этди.

“Бобурийлар даврида жуда кўп анъаналарни ўзлаштирганмиз”

Элчи Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги муносабатлар, унинг тарихий ривожи ҳақида тўхталди.

“Ўзбекистон ва Бангладеш муносабатлари жуда чуқур тарихга эга ва тез ривожланмоқда. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, темурийлар ва бобурийлар давридан бошлаб бизнинг кучли тарихга эга муносабатларимиз бор. Бобур Ҳиндистон тахтига келганида Бангладеш ҳам катта Ҳиндистоннинг бир бўлаги эди. Бобурийлар Ҳиндистонда инглизлардан ҳам кўпроқ - 330 йил ҳукмронлик қилган.

Бенгал ва ўзбек тилида бир-бирига ўхшаш сўзлар бор. Масалан, сиз “пиёз” десангиз, бизда “пияж” дейилади. Ёки ўзбек тилида “адолат” дейилса, бенгал тилида “адалат” дейилади. Ўзбек тилида “гўшт”, “ҳолва” бўлса, бенгал тилида “гўшто”, “ҳалво” ишлатилади.