Шу ой бошида фарзанди автоҳалокатда вафот этган ота ўзи «зебра» чизиғини янгилаб, пиёдалар ўтиш жойи белгисини ўрнатгани ҳақидаги хабарни ўқиб, наҳотки болаларга ва умуман олганда, аҳолининг шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш хавфсизлигига бўлган эътибор ва муносабат шундай давом этса, деган савол туғилди.

Нега бошқа давлатларда бу хавфсизликка жуда жиддий қаралиб, шаҳарсозлик ҳамда давлат ёки маҳаллий бошқарувга жипслашув ва илмий қараш билан ёндашилади, деган фикрлар ҳам хаёлимда айлана бошлади. Гарчи шаҳарсозлик ва муҳандислик соҳасига яқин алоқам бўлмаса ҳам, бошқа мамлакатларда кузатилган давлат хизматларидаги инновациялар бизнинг жамият учун ўрнак бўлиши мумкин, деган мақсадда ушбу мақолани ёзишга қарор қилдим.

Қонуний асосларни мустаҳкамлаш

БМТнинг 1989 йилдаги Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида ҳар бир бола ўз фаровонлиги учун зарур ҳимоя ва ғамхўрликка эга бўлиши лозимлиги таъкидланган. Бундан ташқари, халқаро ҳужжатда «ҳар бир бола яшаш учун ажралмас ҳуқуқа эга» ва «томонлар болаларни парвариш ёки ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар ва ташкилотларнинг ваколатли органлари белгилаб берган стандартларга бўйсунишни, хусусан, хавфсизлик соҳасида мувофиқ бўлишни таъминлайдилар» деб кўрсатилган.

Бу муҳим тамойилни таъминлашнинг энг асосий йўлларидан бири эса, дунёдаги болаларнинг йўлларда ҳалок бўлишларини бартараф этишдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2016 йил учун маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб автоҳалокат туфайли 1,35 миллион бола вафот этади. 5–29 ёшдаги ёшларнинг ўлим сабабларининг энг асосийси ЙТҲда олинган тан жароҳати ва автоҳалокат бўлиб қолмоқда.

Лекин маълум бир мамлакатлар бу соҳада кўпгина ислоҳотлар ўтказиб, болаларнинг автоҳалокатдаги ўлими ҳолатларини сезиларли камайтиришга эришишган. Ўзим фаолият юритаётган Корея Республикасининг муваффақиятини мисол қилиб келтиришни мақсадга мувофиқ, деб билдим, чунки мазкур давлат болаларнинг автоҳалокатдаги ўлими ҳолатларини 1988–2012 йиллар мобайнида 95 фоизга туширишга муваффақ бўлган.

Кореяда автоҳалокат туфайли вафот этган болалар тенденцияси (1970-2012).
Манба: Корея Транспорт институти