Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев «Альтер Эго» лойиҳаси муаллифи, журналист Кирилл Альтманга интервью бериб, солиқ тизими, сиёсат ва танқидлар ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди. Фаолияти давомида туман ҳокими, вазир ва президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Кудбиев меҳнат фаолиятида дуч келган муаммолар, орттирган тажрибаси ҳақида гапириб берди.

1981 йили Фарғона вилоятида туғилган Шерзод Кудбиев 2016 йили 22 сентябрда Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими этиб тайинланганди. Унинг журналистга айтишича, ушбу тумандаги лавозим нуфузли амал бўлиши бирга, ҳоким зиммасига катта масъулият юклайди.

«Эплаш қийин бўлган салбий фикрлар оқимига дуч келсангиз, энг яхшиси очиқ мулоқот қилиш керак. Пиёдалар йўлакчаси йўқ, ертўла сувга тўла, аммо бунинг учун мени танқид қилиш керак эмас. Аксига, биргаликда ишлайлик, таклиф ва шикоятлар асосида ислоҳот қилайлик. Бу албатта ўз фойдасини беради.

Мен ҳокимлар ичида биринчи бўлиб жамоатчилик кенгашини ташкил қилдим. Кенгашнинг бажарадиган функцияларидан бири — фуқароларнинг талабларига биноан таклифлар ишлаб чиқиш эди. Мен ўз ваколатимдан маълум қисмини, яъни қачон, қаерга, қанча пул сарфлашни уларга топширдим. Албатта, буни тасдиқлаш ваколати ўзимда қолди, бунинг сабаби эса имкониятларни тўғри ҳисобга олиш эди.

Юқоридаги ҳолат жуда яхши натижа берди. Чунки одамларни ўзлари жамоат кенгашида ўтириб мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилишди ва ҳамма муаммолар бирдан ўз ечимини топмаслигига гувоҳ бўлишди», — дейди у.

Муаммоларга ечимлар ҳақида

Шерзод Кудбиевнинг айтишича, чиройли, жимжимадор ва ақлли маслаҳатлар бериш, яъни муаммоларга назарий жиҳатдан ёндашиш ва муаммонинг ечимини топиш — бошқа-бошқа нарсалардир.

«Айни вақтда сендан олдинги 25-30 йил мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш — умуман бошқа масала. Бу муаммоларни ечиш учун нафақат фикрлаш, балки ўз атрофингдагиларни ҳам янгилашинг керак бўлади. Ўз навбатида, билдириладиган фикр ёки танқид ўринли бўлса, буни ижобий ҳал қилиш керак.

Атрофимдаги ҳамма биладики, мен асосли танқидларга ижобий қарайман. Бунга мисол тариқасида Kun.uz ва бошқа ОАВларнинг билдирган танқидлари асосида муаммоларни ҳал қилишга интилаётганимиздир. Унутмаслик керакки, барча муаммолар тезда ҳал бўлавермайди», — деди солиқ тизими раҳбари.

Сўконғич ҳокимлар ҳақида