«Ҳудудларда оқсоч аёллар, уй хизматчилари тайёрлаш марказлари очиш, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида таклифим турлича талқин қилинди. Шуни билишингизни хоҳлардимки, бу гапни аввало азиз аёлларимиз ҳимояси учун айтдим.
Бу соҳада тартиб ўрнатиш, уй хизматчиларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш миллатимизнинг шаънини туширмайди, аксинча юксалтиради. Уларни ўқитадиган марказларни очишнинг ёмон томони йўқ. Таклифим шундан иборатки, шундоқ ҳам мавжуд бўлган хизмат турини қонунийлаштириш керак. Улар ўз ҳуқуқларини талаб қила олишлари яхши-ку», дея вилоят ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эркинжон Турдимов 8 октябрь куни президент раҳбарлигидаги видеоселектор йиғилишида аёлларни уй хизматчиси, оқсочлик ва энагалик касбларига тайёрлаш бўйича таклиф берганди. Унинг бу таклифи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
Кейинчалик Самарқанд вилоят ҳокимлиги бу борада муносабат билдириб, Турдимов аслида нима демоқчи бўлганини тушунтирди.

















