Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев билан интервьюда коронавирусга чалинганларни даволашда қўлланаётган дори воситалари ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

— Айни кунларда коронавирусни келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 вируси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини ишлаб чиқиш жаҳондаги барча соғлиқни сақлаш ташкилотларининг асосий вазифасига айланган. Ҳозирда дунё фармацевтика бозорида COVID-19 касаллиги олдини олиш ёки уни даволашга қаратилган юздан ортиқ дори воситалари, вакциналар таклиф этилмоқда. Аммо, афсуски, ҳозирги вақтгача COVID-19 касаллигини самарали даволаши кафолатланган препарат топилгани йўқ. Шунга қарамасдан, COVID-19 касаллигини даволашда яхши натижа кўрсатаётган дори воситалари мавжуд бўлиб, бундай дорилар орасида ҳозирда энг машҳури «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дейиш мумкин.
Ҳақиқатан ҳам шу дорилар коронавирусни енгишда ёрдам беряптими?
— Вирусга қарши «Ремдесивир» препарати 2015 йил АҚШда яратилган бўлиб, Африкада тарқалган «Эбола» вирусига қарши қўлланган. 2020 йил 1 майдан бошлаб Америка озиқ-овқат ва дори воситаларини санитар назорат қилиш бошқармаси томонидан коронавирусни даволашда тезкор дори сифатида қўллашга рухсат берилган. Ўтган вақт ичида «Ремдесивир» ўзининг ижобий натижаларини ҳам берди. Шу сабабли, коронавирусни даволашда бутун дунёда қўлланмоқда. Ҳозирда «Ремдесивир» препарати Ўзбекистонда ҳам «Ремдесса» номи билан ишлаб чиқарилмоқда.
Коронавирусни даволашда яна бир кенг қўлланаётган дори воситаси бу – «Фавипиравир». У Японияда «Авиган» номи билан 2014 йилдан «Fujifilm Toyama Chemical» компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган грипп касаллигига қарши дори воситаси бўлиб, гриппга чалинганларни даволашда бошқа препаратлар таъсир кўрсата олмаганида захира препарати сифатида татбиқ этилган.
«Фавипиравир»нинг биологик актив моддаси бир қатор вирусларнинг кўпайишини блоклайди. Бу препарат ҳам Африкада «Эбола» вирусини даволашда кенг қўлланган. 2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб Япония клиникаларида коронавирус беморларини даволашда кенг қўллаб келинмоқда.
«Ремдесивир» ва «Фавипиравир» вирусга қарши дори воситалари синов вақти ва даволаш муолажалари даврида ўзини ижобий намоён этмоқда. Даволаш кунлари қисқармоқда, беморлар аҳволи сезиларли даражада яхшиланмоқда.















