1100га яқин фуқарони 6,2 млрд сўмга чув туширган «Recruit Consulting Work хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари натижалари ҳақида Kun.uz 10 октябрь куни хабар берган эди.
Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур жиноят ишига доир қўшимча маълумотлар тақдим этилди. Унга кўра 2019 йил 23 ноябрда қўзғатилган жиноят ишининг дастлабки тергови муддати 2020 йил 6 мартда 5 ой, яъни 23 май кунига қадар узайтирилган.
Республика ҳудудида коронавирус пандемияси тарқалиши муносабати билан жиноят иши тергови 2020 йил 1 апрел куни ҳаракатдан тўхтатилиб, 2020 йил 6 май куни қайта тикланган.
Тергов ҳаракатлари жорий йил 23 июлда тамомланиб, ЖПКнинг 381-моддаси тартибида айблов хулосасини тасдиқлаб, тегишлилиги бўйича судловга ошириш масаласини кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилган.
Жиноят ишининг айблов хулосаси Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 17 сентябрь куни тасдиқланган.
Тошкент шаҳар ИИББ ТБ томонидан жабрланувчиларнинг анкета маълумотлари электрон ҳуқуқий базага киритилмоқда, дейилади пойтахт прокуратурасининг Kun.uz’га тақдим этган маълумотида.
Жиноят иши ҳозирча тегишли судловга ўтказилмаган. Буни Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов ҳам тасдиқлади.
Маълумот учун айтиш лозимки, Жиноят процессуал кодексининг 385-моддасига кўра, прокурор ёки унинг ўринбосари айблов хулосаси билан келган жиноят ишини кўпи билан 5 суткада кўриб чиқиши ва қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши шарт:
1) ишни судга юбориш учун асослар мавжуд деб топиб, айблов хулосаси ёки айблов далолатномасини тасдиқлаш;
2) ўз қарори билан айблов мазмунидан айрим бандларни чиқариб ташлаш, енгилроқ жиноятни назарда тутувчи қонунни қўллаш ва шу ўзгартиришлар билан айблов хулосаси ёки айблов далолатномасини тасдиқлаш;
3) қўшимча тергов ўтказиш учун ишни ўз кўрсатмалари билан суриштирувчи ёки терговчига қайтариш;








