Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Акмал Саидов ва Шерзод Асадов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайловлар қай тарзда бўлиб ўтганини маълум қилди
2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакат учун БМТга аъзо 191 давлатдан 169таси овоз берди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг сўзларига кўра, бу давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганининг ёрқин далолатидир.
“БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш вазифаси давлатимиз раҳбари томонидан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилганди. Шу асосда ўтган даврда комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва изчиллик билан амалга оширилди.
Хусусан, аввало, мавжуд тартиб-қоидаларга асосан номзодлик БМТ Бош Ассамблеяси рўйхатидан ўтказилди ва дипломатик саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди. 2019 йил октябрь ойида эса БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-сонли резолюциясига мувофиқ, БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларда тақдим этиладиган Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар" ҳужжати тақдим этилди. Шунингдек, ушбу ваъдаларни қисқа таҳлил қилувчи яна 2 та ҳужжат тайёрланди. Мазкур ҳужжатлар БМТ Бош Ассамблеяси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашида ҳамда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари орқали аъзо-давлатлар ўртасида кенг тарқатилди.
Ўзбекистон тақдим этган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"да мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, бу борада келгусида бажариладиган вазифалар ҳам акс эттирилган. Халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари батафсил тақдим қилинган.
Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга ошириш белгиланган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар режадаги айрим ихтиёрий мажбуриятларни бажаришга киришилган”, - дейди Акмал Саидов.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон номзоди Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Осиё-Тинч океани минтақасидан илгари сурилган мамлакатлар ичида энг кўп овоз тўплашга муваффақ бўлди.
“Сайлов жараёнида БМТнинг минтақавий гуруҳлари томонидан бўш ўринларга тегишли давлатларнинг номзодлари кўрсатилди.
Агар бошқа минтақавий гуруҳларда бўш ўринларга давлатлар ўртасида рақобатнинг йўқлиги кузатилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси кирадиган Осиё-Тинч океани минтақаси гуруҳида ИҲКдаги 4 та бўш ўрин учун мамлакатимиз билан бирга Хитой, Непал, Покистон ва Саудия Арабистони даъвогарлик қилди.
Яширин овоз бериш натижасида ва кучли рақобат давомида Ўзбекистон ўз гуруҳидаги давлатлар орасида энг кўп овоз олди ва ИҲКга 2021 йил 1 январдан бошланадиган навбатдаги уч йиллик муддатга сайланди. Мамлакатимиз билан бир қаторда Кенгашга Хитой, Непал ва Покистон ҳам сайланди.
Ўзбекистоннинг бу тарихий ютуғи – энг аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сўнгги йилларда олиб борилаётган, прагматизм, конструктивизм ва ташаббускорликка асосланган янги сиёсий курснинг ёрқин маҳсулидир”, - дейди ташқи ишлар вазирининг ўринбосари.
Маълумот ўрнида, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши БМТ Бош ассамблеясининг органи бўлиб, 2006 йилда ташкил этилган. Кенгаш ўз мажлисларини мунтазам, йилида камида уч марта ўтказади.
Ушбу сессиялардан бири асосийси саналади ва унинг иши ўн ҳафта давом этади. Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисми талаби асосида, жумладан, муайян мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ташвишли аҳволни ўрганиш мақсадида махсус фавқулодда сессиялар ҳам чақирилиши мумкин.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик учун бешта минтақадан давлатлар танланади. Яъни, Осиё-Тинч океани, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасидан – 13 аъзо, Африкадан – 13 аъзо, Шарқий Европадан – 6 аъзо, Лотин Америкаси ва Кариб давлатларидан – 8 аъзо, Ғарбий Европа ва бошқа минтақалар, жумладан, АҚШ, Канада ва Исроил давлатлари орасидан – 7 аъзо уч йил муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
Мавзуга оид
09:02 / 11.06.2026
Қочқинлар сони рекорд даражада: БМТ янги ҳисоботни эълон қилди
16:52 / 10.06.2026
Шерзод Асадов Москвада Сергей Кириенко ва Дмитрий Песков билан учрашди
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
08:15 / 08.06.2026