Хўш, коронавирусдан ўзимизни қандай ҳимоя қилишимиз керак? Коронавирус совуқ ҳавода ўзини қандай тутади ва ундан қай тариқа ҳимояланиш мумкин?

Мутахассислар Covid-19’нинг мавсумий касаллик эканлиги борасида ҳануз бир қарорга кела олишмади, аммо Reading университети вирусология профессори Ян Жонс Британиянинг «Daily Telegraph» газетасига берган интервьюсида грипп каби нафас олиш йўллари билан боғлиқ касалликлар ёзда камроқ тарқалишини айтди.

Вирус қиш ойларида кучлироқ бўлади
«Бунинг сабаби шундаки, улар нафасдаги ҳаво томчилари орқали тарқалади. Ушбу томчилар илиқ ва қуруқ шароитда, айниқса, ультрабинафша нурлар таъсирида тезроқ қурийди. Вирус тез тарқалувчи қиш ойларида эса бунинг акси кузатилади», дейди профессор Ян Жонс.

Баъзи тадқиқотчилар коронавирус совуқ иқлим шароитида яхшироқ ривожланишини ва бу касаллик илиқ иқлимли ҳудудлардан кўра кўпроқ Европага зарар етказиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Европанинг саккиз мамлакати, шу жумладан, Буюк Британияда Covid-19 касалхоналарига ётқизилган 7 минг кишига оид маълумотларга кўра, ҳароратнинг ҳар бир ортиш даражаси ўлим кўрсаткичининг тахминан 15 фоизга пасайишига олиб келади.

Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, янги касалланиш ҳолатларининг мавсумий ортиши совуқ об-ҳаводан кўра вируснинг хатти-ҳаракатига кўпроқ боғлиқ.

«Ёпиқ маконларга ўтиш катта эҳтимол билан қиш ойларида вирусга чалиниш ҳолатлари ошишига энг катта таъсир қилувчи кучдир», дейди микробиолог доктор Антрю Престон.

Ёпиқ маконларда нима қилиш керак?
Таъкидлаш жоизки, етарли даражада шамоллатилмаган ёпиқ жойлар энг хавфли муҳит сифатида кўрилмоқда.

«Инфекция занжирининг бошланғич нуқтаси – одамлар кўп тўпланадиган ёпиқ жойлардир. Шу боис, яхши ҳаволантирилган, ижтимоий масофа сақланган ва шовқин бўлмаган жойларни танланг. Лондон ва Японияда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одамлар алоқа қилиш учун бақирадиган жойларда вирус юқиш ҳолати кўп кузатилади», дейди Саутҳемптон университетининг жамоат саломатлиги бўйича эксперти доктор Майкл Ҳед.