2 йилдан буён Меҳрибонлик уйлари битирувчиларига нафақа тўланмаяпти. Расмийлар изоҳ берди
Сўнгги 2 йилдан буён Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига 11-синфни тугатганда БҲМнинг 100 баравари миқдорида нафақа тўланмай келинмоқда. Молия масъуллари буни 2018 йилда, 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимига қайтилган пайтда тегишли низомга ўзгартириш киритилмай қолгани билан изоҳлади.
14 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари, пойтахт депутатлари ва бошқа масъуллар иштирокида мажлис бўлиб ўтди. Унда Меҳрибонлик уйлари битирувчилари масаласида сўз борди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Маълум бўлишича, сўнгги 2 йилдан буён Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига 11-синфни тугатганда БҲМнинг 100 баравари миқдорида нафақа тўланмай келинмоқда.
Тошкент шаҳар Молия бош бошқармасининг тушунтиришича, бунга сабаб – тегишли Низомга 2013 йилда ўзгартиш киритилганидир.
2002 йилда қабул қилинган 1187-сонли Низомга кўра, тўлиқ давлат таъминотидаги етим болаларга улар барча турдаги умумтаълим мактабларини битириб чиқаётганда ва ишга жойлашаётганда кийим-бош, пойабзал ва анжомлар сотиб олиш учун ЭКОИҲнинг 100 бараваригача миқдорда нафақа берилади.
Молиячиларнинг изоҳлашича, 11-синфлар бекор қилиниб, коллеж ва лицейлар жорий қилингани сабабли 2013 йилда «11-синфни битириб» деган сўзлар Низомдан чиқариб ташланган. 2018 йилдан эса Ўзбекистонда 11 йиллик умумий таълимга қайтилди.
«Aгар Низомга тегишли ўзгартириш киритилса, Mеҳрибонлик уйи битирувчиларига пул тўлаб берилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигига ҳам бизнинг бошқармамиз томонидан хат йўлланган. Вазирлар Маҳкамасига ҳам ушбу таклиф киритилган. Низомга ўзгартириш киритилса, Mеҳрибонлик уйидагилар ишга киргандан кейин ҳам пуллари тўлаб берилади», – деди Тошкент шаҳар Mолия бош бошқармаси вакили.
Тошкент шаҳар Xалқ таълими бош бошқармаси бошлиғи Aваз Мамажоновнинг маълум қилишича, 2015 йилдан бошлаб пойтахтдаги Меҳрибонлик уйларини битирганлар жами 357 нафарни ташкил этади. Шундан 75 нафари – 2020 йилда битирганлардир.
«Уларнинг 10 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Битирувчиларнинг атиги 13 нафари иш билан таъминланган. Ишсиз юрганлар эса 30 нафарни ташкил этмоқда», – деди пойтахт ХТББ бошлиғи.
Мавзуга оид
07:50 / 28.10.2024
Фуқарога нафақа қилиб беришни ваъда қилган тиббиёт ходими пора билан ушланди
20:56 / 20.10.2024
9 ойда иш ҳақи ва нафақа пулларидан 5,2 млрд сўм талон-торож қилингани маълум қилинди
11:10 / 03.10.2024
Германияда фуқаролик нафақаларини олиш қоидалари қатъийлаштирилади
15:15 / 27.09.2024