Ёши ўтиб бораётган инсонларнинг хаёлидан «Хўш, давлат менга қанча пенсия тўларкан?» деган хаёл ўтиши табиий. Пенсия ҳисоб-китоби ҳақида гап кетганда, кўпинча мураккаб фоизлар, турли хил атамалар ва ҳисоблаш формулалари кишини чалғитиб қўяди. Қуйида ёшга доир ва ногиронлик пенсияларининг тайинланиш тартиби ҳамда маблағ қандай ҳисоблаб чиқилишини мураккаб қоидаларсиз, оддий тилда ҳамда ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирамиз.
Ёшга доир пенсия қандай ҳисобланади?
Ёшга доир пенсия эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда тайинланади. Шунингдек, камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлса, бор стажга мутаносиб миқдорда тўлиқсиз ёшга доир пенсия берилади. Агар 7 йиллик стаж ҳам бўлмаса, фуқарога ёшга доир нафақа ажратилади (эркакларга 65 ёшда, аёлларга 60 ёшда).
Ўзбекистонда пенсия миқдори қуйидаги формула асосида ҳисобланади: П = ПТМ+ОС+ПУ.
Бунда ПТМ - пенсиянинг таянч миқдори (ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи), ОС – ортиқча иш стажи учун пенсиянинг оширилиши, ПУ - қўшимча устама ҳақлари.
Эслатма: ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг сўнгги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги энг яхши кетма-кет 5 йиллик иш ҳақи инобатга олинади. Бунда пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг (2025 йил 1 июлдан бошлаб – 471 минг сўм) 12 каррасидан (5 млн 652 минг сўмдан) юқори иш ҳақи инобатга олинмайди. Аввалги йиллардаги иш ҳақи ойликларнинг ошиш коэффициентини инобатга олган ҳолда индексацияланади, яъни бугунги кундаги қиймати ҳисобланади.
Масалан, шартли Дилмурод Давлатов 32 йилдан бери Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги мактабда ўқитувчилик қилади. У 1 май куни пенсия ёшига тўлади. Ўтган даврдаги энг яхши қаторасига 5 йиллик ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн сўмга тенг. Бу маош максимал чегара бўлган 5 млн 652 минг сўмдан ошмайди, шунинг учун ҳисоблашда тўлиқ олинади.






