Жаҳон | 11:14 / 16.10.2020
3946
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили: Биз ўз фаолиятимизни қайта ташкил этишга келишиб олдик

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Афғонистонда давом этаётган ҳужумлар тинчлик жараёнига зарар етказганини таъкидлаб, «Толибон» ни келишув шартларига риоя қилишга чақирди ва АҚШ ўз фаолиятини қисқартиришини эълон қилди.

Халилзод твиттердаги саҳифасида Афғонистондаги хуружлардан мамнун эмасликларини ва баъзи тадбирларни қайта ташкил қилишларини таъкидлаган.

«Толиблар ва генерал Миллер билан ўтказилган бир неча музокаралардан сўнг биз АҚШ- «Толибон» ўртасидаги келишувнинг барча элементларига ва шу нуқтайи назардан берилган барча ваъдаларга риоя қилган ҳолда ўз фаолиятимизни қайта ташкил этишга келишиб олдик», деган у. 

Халилзод АҚШнинг Афғонистондаги операциялари сонининг кўриб чиқилаётган тартибга мувофиқ камайтирилиши ҳақида гапирган.

«Ҳозир Афғонистонда кўплаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Ушбу янги тартибга кўра, биз бу сон сезиларли даражада камайишини кутмоқдамиз.

Сўнгги ҳафталарда тинчлик жараёнига таҳдид соладиган ҳужумлар сони кўпаймоқда. Бу эса афғон халқи, минтақавий ва халқаро тарафдорларни хавотирга солмоқда. Биз бу тинчлик жараёнига ўз ҳиссамизни қўшамиз ва келишув ижросини фаол кузатиб борамиз. Барча томонлар ўз зиммаларидаги масъулиятни бажаришлари керак. Халқаро шерикларимизга уларнинг қўллаб-қувватлаши ва ёрдами учун миннатдорлик билдираман» деган у.

Афғонистон тинчлик музокаралари ҳақида
АҚШ биринчи марта Барак Обама президентлиги даврида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун «Толибон» ва Афғонистон ҳукумати ўртасида музокаралар ўтказишга уринганди. 2011, 2012 ва 2013 йиллардаги уринишлар муваффақиятсиз тугаган.

2016 йилда Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан сўнг музокаралар яна кун тартибига келди. АҚШ ва «Толибон» вакиллари 2019 йил 25 февралда Қатар пойтахти Доҳада тинчлик музокаралари учун биринчи марта учрашди.

Залмай Халилзод 2019 йил сентябрь ойида томонлар ўртасида келишувга эришилгани ва келишув президентнинг маъқуллашини кутаётганини эълон қилди. Бироқ, худди шу кунларда Кобулдаги терактда АҚШ аскари ҳалок бўлганидан сўнг, Трамп келишувни кейинга қолдирганди.

2019 йил декабрида АҚШ ва «Толибон» ўртасида қайта бошланган музокаралар натижасида «зўравонликни камайтириш» деб номланган сулҳ битими қабул қилинди. 2020 йил 22 февралда бошланган 7 кунлик муддат охирида 29 февраль куни тинчлик шартномаси имзоланган эди.

Мавзуга оид