Видеода катта уюмдаги чиқиндилар ер майдони ва сув юзасига тўкиб кетилгани тасвирланган. Видео муаллифи бу ҳудудга учта машинадан тўкилган чиқинди сочилиб ётгани ҳақида айтган.



Kun.uz мухбири ҳодиса бўйича изоҳ олиш учун Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов билан боғланди.
«Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокими топшириғи билан ҳокимлик ахборот хизмати вакиллари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи, Зангиота тумани экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш минтақавий қўмитаси раиси ва бошқалар воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганишди.
Аниқланишича, чиқиндилар белгиланган жойга олиб борилмасдан Чирчиқ дарёсининг Янгийўл тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига, тадбиркорга тегишли ер майдонига ташлаб кетилган.
Видеода тасвирга олинган ҳолат 15 октябрь куни туманнинг «Чортоқ» маҳалласида юз берган. Шунингдек, чиқиндиларни фуқаро Абдуллоҳ Каримов ташлаб кетгани, ундан тушунтириш хати олиниб, у тегишли кодексга асосан маъмурий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди.
Чиқинди тўкилган жой ҳозирда ободонлаштирилган. Чиқиндилар касалхонадан қачон олиб чиқиб кетилган, бу иш шахсий ташаббусми ёки кимдир топшириқ бергани бўйича суриштирув ишлари олиб бориляпти», деди ҳокимлик вакили.
Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов эса мазкур муассаса бошқарма тасарруфига кирмаслигини айтди.
«Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган мазкур муассасанинг бошқармамизга алоқаси йўқ. Бу республика миқёсидаги муассаса ҳисобланади. Агар Олмалиқдаги, Чирчиқ шаҳридаги, Бекободдаги муассасаларимиз бўйича саволингиз бўлса биз тўлиқ маълумотга эгамиз ва улар учун жавоб берамиз», дея таъкидлади бошқарма бошлиғи.
Интернетда мазкур ҳолат борасидаги баҳс-мунозаралар тобора авж олмоқда. Депутат Расул Кушербаев ҳам телеграмдаги каналида тиббий буюмлар чиқиндиси Зангиота ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудига ташлаб кетилаётганига эътибор қаратиб, бу ўша ҳудудлар аҳолиси орасида касаллик кенг тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлигини ёзган.
















