Бироқ АҚШдаги сайлов тизимига кўра, мамлакат бўйича кўп овоз олиш сайловда ғалаба қозониш учун етарли эмас.
АҚШда татбиқ этилган икки босқичли тизимда президентни штатлар жўнатган 538 нафар делегат мансуб сайлов ҳайъати белгилайди. Ушбу кенгашдан эса ҳар бир штатнинг аҳолисига мос равишда делегатлар ўрин олган.

538 нафар делегатнинг 270таси томонидан қўллаб-қувватланган номзод ғалаба қозонади. Штатларнинг аксарияти маълум бир партиянинг таянчи сифатида танилган. Одатда, улар овоз берувчи партия ўзгармайди.
Бироқ кам сонли штатлар номзодга унинг сиёсати ёки амалдаги кун тартибига қараб овоз беради. Асосий кураш ҳам ушбу «калит» штатлардаги сайловчиларни ўз томонига «оғдириш» борасида кечади.
2016 йилги сайловларда президент Дональд Трамп Демократик рақиби Ҳиллари Клинтондан бутун мамлакат бўйлаб 3 миллионга яқин кам овоз тўплаган, аммо шунга қарамай, делегатлар сони кўп бўлган штатларда қўли баланд келиб, президентликка сайланганди.
Хўш, 2020 йилги сайловларда қайси штатлар муҳим рол ўйнайди? Бу штатлардаги сўнгги вазият қандай?

Висконсин
2016 йил Трамп бу штатда кичик фарқ билан устун келганди. Унинг ғалаба қозонишида эса штатнинг қишлоқ ҳудудларидаги оқ танли ишчи синфига мансуб аёлларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим рол ўйнаган.
Шу билан бир қаторда, айни шу сайловчилар гуруҳи 2018 йилда Демократик партияга мансуб номзоднинг губернатор этиб сайланишида муҳим ўрин тутди.
Сўнгги оммавий сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, Байден 10 делегатга эга ушбу штатда етакчилик қилмоқда.
Трамп томонидан амалга оширилган савдо сиёсати ушбу штатдаги сут фермер хўжаликлари экспортига салбий таъсир кўрсатди. Бу эса ўз навбатида нархлар пасайишига ва баъзи корхоналар ёпилишига сабаб бўлди.
Мазкур штатдаги сайловчиларнинг муносабатига таъсир қилиши кутилаётган яна бир омил – ирқлар ўртасидаги зиддиятнинг кучайишидир. Кеноша шаҳрида полиция томонидан қора танли одам отиб ташланганидан кейин бутун штат бўйлаб улкан норозилик намойишлари бўлиб ўтди.






















