20 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод ва Сирдарё туманларига нуронийлар, журналистлар, блогерлар ва бошқа соҳа вакиллари иштирокида Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан пресс-тур уюштирилди. Тадбир давомида Kun.uz мухбири вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан суҳбатда бўлди.
– Сардобадаги техноген офат оқибатларини бартараф этдик, деб айта оласизми? Умуман, бу воқеадан қандай хулосалар чиқаришимиз керак, деб ўйлайсиз?

– Бир нарсани айтишим керак, Сирдарё вилояти тарихи энди Сардоба тошқинигача ва ундан кейинги даврга бўлинади. Бу талафотни биз бошдан кечирган бўлсак-да, бутун Ўзбекистон халқи мураккаб вазият қаршисида жипслашди, ҳар бир ҳудуднинг бевосита кўмаги билан бирга хайрихоҳлигини ҳис қилиб турдик.
Саволингизга келсак, бугун тошқин оқибатлари тўла бартараф бўлди, деб айтиш мумкин. Яъни нафақат олдинги аҳоли пунктларини тикладик, балки талафотга учраган ҳудудлар бутунлай янгиланишига, аҳоли учун яшаш шароитлари бир неча карра яхшиланишига эришдик. Бунда албатта ҳар бир жараённи бевосита кузатиб турган, зарур маслаҳатларни берган ва ҳеч қандай ёрдамни аямаган давлатимиз раҳбарининг ўрни беқиёс бўлди.

Рақамларга эътибор беринг: Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги жами 28та маҳалладан қарийб 90 минг нафар фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.
Талафот кўрган ҳудудлардан жами 4 435,2 минг метр куб сув тортиб чиқарилди ва махсус воситалар ёрдамида 5 210та уй чиқиндилардан тозаланди. Сувдан тозаланган хонадонларда дезинфекция ишлари амалга оширилди. Юз берган техноген офат оқибатида 2 211та хонадон яроқсиз ва 2 499та хонадон таъмирталаб ҳолатга келган эди. Янги уй-жойлар барпо этилиб, бугунги кунга қадар жами 80 064 нафар (89,5%) аҳоли ўз яшаш манзилларига қайтарилди.
Таъмирлаш ишларига 167та техника, 672та пудратчи корхона ва 2 454 нафар ишчи жалб этилди. 1 830та уйда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, 11 170 нафар фуқарога фойдаланишга топширилди.

184 км йўл, 19та кўприкда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Тошқин натижасида талафот кўрган 4та электр подстанцияси, 106та электр трансформатор, 6 269та электр устунлар тўлиқ янгисига алмаштирилиб, ўрнатилди ва 345 км электр сими уланди. Аҳоли пунктларида 66 км газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси тикланди. Жойларда 89,9 км ичимлик суви тармоғи, 11та сув тақсимлаш иншооти ва 7,9 км оқова сув тармоғида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир.


















