Президентнинг 2026 йил 24 февралдаги ПҚ-73-сон қарори билан кўп квартирали турар жой мажмуаларини комплекс қуриш механизмлари белгиланган. Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан 2028 йил 1 мартга қадар айрим ҳудудларда эксперимент тариқасида махсус ҳуқуқий режим амал қилади.
Белгиланган тартибга кўра, инвестиция компанияси дастлаб комплекс қурилиш ҳудудидаги кўчмас мулк эгалари билан музокара олиб боради. Мулкдор ўз мол-мулки билан инвестиция компанияси билан тузиладиган шартнома асосида лойиҳада иштирок этиши ҳам мумкин.
Музокаралар давомида инвестиция компанияси мулк ва унга тегишли ер участкасини сотиб олиши ёки томонлар бошқа шаклда келишиши мумкин. Жумладан, мулкдорга мавжуд мулки ўрнига бошқа мулк ёки комплекс қурилиш амалга оширилаётган ҳудуддан уй-жой тақдим этиш имконияти назарда тутилган.
Комплекс қурилиш лойиҳасини амалга ошириш учун ҳудуддаги кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг камида 80 фоизи билан нотариал тасдиқланадиган келишув битимлари тузилиши керак.
Агар айрим мулкдорлар билан келишувга эришилмаса ёки улар компенсация тури ва миқдоридан норози бўлса, инвестиция компанияси судга мурожаат қилади. Бунда компенсация миқдорини белгилашда бошқа мулкдорлар билан тузилган нотариал келишувлар асосида шаклланган ўртача бозор нархи асос қилиб олинади.
Президент қарори билан комплекс қурилиш лойиҳалари амалга ошириладиган дастлабки ҳудудлар ҳам белгиланган. Улар қаторига Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги Жарқўрғон, Миробод туманидаги Абдурауф Фитрат ва Сергели туманидаги Хонободтепа маҳаллалари киритилган.
Шунингдек, Наманган шаҳридаги Равнақ маҳалласи ҳам комплекс қурилиш ҳудуди сифатида белгиланган. Қарор рўйхатида Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳудудлар ҳам назарда тутилган.
Мазкур механизмнинг асосий шартларидан бири кўчмас мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Қарорда комплекс қурилиш механизмларини жорий этиш билан бирга мулкдорлар ҳуқуқларининг сўзсиз ҳимоя қилинишини кафолатлаш мақсади алоҳида белгиланган.















