Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокида 20 973 та корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Пойтахтда 13 114 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Бу мамлакатдаги жами шундай корхоналарнинг қарийб 63 фоизини ташкил этади.
Иккинчи ўринда Тошкент вилояти — ҳудудда 2 901 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона бор. Кейинги ўринларни Самарқанд вилояти 754 та, Фарғона вилояти 659 та ва Сурхондарё вилояти 630 та корхона билан эгаллаган.
Шунингдек, Андижон вилоятида 519 та, Бухоро вилоятида 449 та, Сирдарё вилоятида 341 та, Навоий вилоятида 335 та ва Наманган вилоятида 331 та шундай корхона фаолият юритмоқда.
Жиззах вилоятида уларнинг сони 283 тани, Қорақалпоғистон Республикасида 258 тани, Хоразм вилоятида 214 тани ташкил этган. Рўйхатда энг паст кўрсаткич Қашқадарё вилоятида қайд этилган — 185 та.
Статистикага кўра, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг 4 685 таси қўшма, 16 288 таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади. Сўнгги беш йилда бундай корхоналарнинг умумий сони 1,7 баробарга кўпайган.
Корхоналар қайси давлат капитали иштирокида ташкил этилгани бўйича Хитой етакчилик қилмоқда — 6 241 та. Кейинги ўринларда Россия — 3 512 та, Туркия — 2 327 та ва Қозоғистон — 1 321 та корхона билан қайд этилган.














