Андижон шаҳри ҳокимининг аукционсиз ер ажратиб бериш тўғрисидаги қарори ноқонуний деб топилиб бекор қилинди
Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг ноқонуний қарори бекор қилинди.
Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, Андижон шаҳар адлия бўлими томонидан шу йилнинг 5 октябрида ижтимоий тармоқларда («Соядаги сиёсатчилар» ва «Мухбир Далиев» Telegram канали) «Андижон шаҳар ҳокимлиги чиқараётган қарорлар қанчалик қонуний?» номли мақоласи ўрганиб чиқилган.
Хусусан, мақолада Андижон шаҳри ҳокимининг 2020 йил 11 сентябрдаги 403-қ-сон қарори билан Андижон шаҳри 2-тор Х.Ниёзий кўчаси 5-уйда яшовчи фуқаро Мансурбек Рўзиевга 6-тор Х.Ниёзий кўчаси 14-майдон 200 квадрат метрдан иборат ер майдони якка тартибда уй-жой қуриш учун амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда ажратиб берилгани кўрсатилгани баён этилган.
Ўрганиш давомида Андижон шаҳри ҳокими 2020 йил 11 сентябрда 403-қ-сон қарори билан Андижон шаҳри 2-тор Х.Ниёзий кўчаси 5-уйда яшовчи фуқаро Мансурбек Рўзиевга шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган 6-тор Х.Ниёзий кўчаси 14-майдон 200 квадрат метрдан иборат ер майдони якка тартибда уй-жой қуриш учун аукционсиз ажратиб берилгани аниқланган. Бу Ер кодексининг 7-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган «Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зид ҳисобланади.
Ушбу ҳолат бўйича шаҳар ҳокимининг 2020 йил 11 сентябрдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган 403-қ-сон қарорига нисбатан протест келтириш учун Андижон шаҳар прокуратурасига 8 октябрь куни 1-60/11-7/418-сонли таклиф киритилган.
Андижон шаҳар прокуратураси томонидан адлия бўлими таклифи кўриб чиқилиб, ҳокимликка 13 октябрда 10.2/273-қ-20-сонли протести киритилган. Бундан ташқари, Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан шаҳар ҳокими номига юқоридаги қарорни бекор қилишни сўраб, 12 октябрда 06-02-13/35-сонли тақдимнома киритилган.
Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан вилоят адлия бошқармасининг тақдимномаси ҳамда шаҳар прокурорининг протести асосида 19 октябрдаги 444-қ-сон қарори билан шу йилнинг 11 сентябрдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган 403-қ-сон қарори бекор қилинган.
Мавзуга оид
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
18:09 / 13.09.2024
Андижонда ўқувчиларни жазо сифатида ўтириб-турғазган ходимга чора кўрилди
14:38 / 12.09.2024
Андижонда дарсга кеч келган қизлар жазо сифатида ўтириб-турғазилди. Бу мумкин эмас
12:19 / 10.09.2024