Андижон шаҳрида юк машинаси ва велосипед ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Хабар қилинишича, воқеа 6 август куни соат 13:00 ларда юз берган.

Андижон шаҳар Пирмуҳаммедов кўчасида ҳайдовчи Х.Ғ. Isuzu русумли транспорт воситасини бошқариб кетаётган вақтида ўзи билан бир йўналишда йўлнинг биринчи тасмасида ҳаракатланаётган велосипедчи кескин равишда чап томонга чиқиб кетиб, Isuzu билан тўқнашган.

Ҳодиса оқибатида велосипедчи тан жароҳати олиб, тиббий кўрик ва зарур ёрдам олиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.