Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавирус сабаб Японияда никоҳлар 36,9 фоизга камайиб кетди. Буни «миллий инқироз» дейишмоқда
Карантин даврида Японияда туғилиш ва никоҳ кўрсаткичларининг пасайиши давлатдаги демографик инқирозни янада кучайтириши мумкин.
Япония дунёдаги қариялари энг кўп давлат ҳисобланади. Бу мамлакатда 2050 йилга келиб аҳолининг 35 фоизи 65 ёшдан ошиши кутилмоқда. Бу эса иқтисодий ўсиш ва мамлакат молиясини қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин, деб ёзмоқда «Reuters» агентлиги.

«Коронавирус тарқалиши одамларда фарзандли бўлиш ва болаларга ғамхўрлик қилиш истагининг пасайишига сабаб бўлмоқда», дейди Японияда туғилиш кўрсаткичининг камайиши масалалари билан шуғулланувчи вазир Тексуши Сакамото.
Яқинда эълон қилинган маълумотга кўра, Японияда июль ойига қадар охирги уч ойда ҳомиладорлик кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига қараганда 11,4 фоизга, никоҳлар эса 36,9 фоизга камайган.
«Бу жуда жиддий ҳолат, сабаби салбий таъсир анча пайт сақланиб қолади. Иқтисодий таназзул кам никоҳга ва кам туғилишга олиб келади», дейди Даи-ичи тадқиқот институти бош иқтисодчиси Хидео Кумано.
Пандемия туғилиш кўрсаткичини янада пасайтириши мумкин. Собиқ бош вазир бу ҳолатни «миллий инқироз» деб атамоқда. 2019 йил Японияда 865 минг бола туғилган, бу кўрсаткич энг паст йиллик туғилиш бўлган эди. Япония Педиатрия ассоциацияси пандемия туғилиш кўрсаткичининг пасайишини ўн йилга тезлаштириши мумкин, демоқда. Бу болалар тиббиёти йўналишига жуда жиддий таъсир кўрсатади.
Халқаро валюта фонди 2021 йилда глобал ўсиш 5,2 фоиз бўлишини тахмин қилмоқда, Японияда эса бу кўрсаткич 2,3 фоиз бўлиши кутилган. Бундай фарққа аҳолининг ёш кўрсаткичи катталашиб бораётгани сабаб бўлмоқда.
Яқинда Япониянинг «Никкеи» газетаси 22 нафар таниқли иқтисодчи ўртасида сўровнома ўтказди. Уларга кўра, Япония иқтисодиёти 2024 йилгача пандемиядан олдинги даражага қайтмайди. Бу эса японларнинг турмуш қуриш рағбатига жиддий таъсир қилиши мумкин.
Мавзуга оид
16:44 / 22.06.2026
Япония виза нархини беш баробарга оширади
18:57 / 15.06.2026
Япония Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш учун 230 млн доллар кредит ажратади
08:43 / 11.06.2026
Жаҳон нефть савдоси маркази Осиёга кўчмоқда
20:36 / 06.06.2026