Ўзбекистон | 17:21 / 28.10.2020
2771
2 дақиқада ўқилади

Президент наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисидаги қонунни имзолади

Наркологик касалликдан мажбурий даволаниш фақат суд қарори асосида қўлланади, бунда фуқаро бир йил ичида маст ҳолатда ёки гиёҳванд модда таъсирида ҳуқуқбузарлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қонунга мувофиқ, аҳолига наркологик ёрдам давлат наркология муассасалари ёки лицензияга эга бўлган хусусий тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилади.

Наркологик касалликка чалинган шахсни даволаш унинг ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги олинганидан кейин амалга оширилади (мажбурий даволаш назарда тутилган ҳолатлардан ташқари).

Шахсни мажбурий даволашга муҳтож деб топиш наркология диспансерлари таркибидаги ихтисослаштирилган тиббий комиссиялар томонидан амалга оширилади. 

Мажбурий даволаш суд қарори асосида қўлланади.

Мажбурий даволашнинг давомийлиги шахс даволаш учун жойлаштирилган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда наркология муассасасининг тиббий комиссияси томонидан белгиланиб, давомийлиги 18 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Мажбурий даволанишда бўлиши даврида шахсларни даволаш мақсадида уларга меҳнат терапияси қўлланиши мумкин.

Мажбурий даволаниб чиққан шахсларни ишга жойлаштириш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ички ишлар органлари, меҳнат органлари ҳамда наркология муассасалари зиммасига юклатилади.

Қонунга кўра, давлат: 

  • психоактив моддалардан ўткир заҳарланиш натижасидаги психозлар чоғида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини;
  • амбулатория ва стационар шароитларда маслаҳат бериш-ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитация, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.

Қонун кучга киргач «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида»ги Қонун ўз кучини йўқотади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид