– Россиядаги ўқув курсларига ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қай тартибда қабул қилинади?

– Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари 16–29 сентябрь кунлари Россияга бориб, ушбу давлатдаги меҳнат муҳожирларини рус тили ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ўқув дарсларининг жорий этиш имкониятларини ўрганди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Абдужаббор Алимов

Ташриф доирасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети («РУДН») ҳамда World Skills Russia (Россиянинг ёш мутахассислари) ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама меморандум имзоланди. Ушбу меморандумга асосан Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон ва Новосибирск шаҳарларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини рус тили ва касбга ўқитиш йўлга қўйилди.

Ўқув курсларида фуқаролар рус тилини ўрганиши, қурилиш, хизмат кўрсатиш, транспорт ва логистика, техника ва технологиялар, ишлаб чиқариш, автомобилсозлик соҳаларида 25та касб бўйича ўқитилиши кўзда тутилган. Яъни мигрантлар Россия бозоридаги талаб юқори бўлган, юқори ойлик тўланадиган касблар – қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар бўйича ўқитилади.

Ўқув курсларига талабгорлар Telegram’даги @uzrivoj_bot орқали қабул қилинади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу ботнинг саволларига берилган жавоблар асосида мутахассисларимиз талабгорлар билан боғланишади.

Бугунги кунда Телеграм-бот орқали мурожаат қилган 1131 нафар фуқаро Россиядаги ўқув курсларига жалб этилган бўлиб, Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск шаҳарларида ўқиш жараёни бошланган. Новосибирск шаҳрида 15 киши тезлаштирилган ўқув жараёнини тамомлаб, малака паспортини ҳам қўлга киритишга улгурди.