Нима бўлди?
Жозеп Бартомеунинг истеъфоси – бошқарув муддати якунланмасдан туриб постини тарк этишга мажбур бўлиши клубда сўнгги беш президентдан тўртинчи ҳолат. Бундан олдин Луис Нуньес, Жоан Гаспар ва ҳозирда қамоқда ўтирган Сандро Россел ҳам бу «бахт»дан мосуво бўлишмаган. Фақат Жоан Лапорта сўнгги кунларгача бошқарувда қолди – айнан у клубга Ферран Сориано, Чеки Багиристайн каби топ-менежерларни, шунингдек, Пеп Гвардиолани жалб қилган, Барселонага требл олиб келганди.
Қизиғи, Бартомеу даврида ҳам требл бор, аммо Лапорта даврида бу тарихий ғалаба бир қатор ақлли қарор ва режалар натижаси бўлса, Бартомеу давридаги кўпроқ тасодиф ва Лапортанинг мероси ёрдамида қўлга киритилган.
Бартомеу «Барселона»ни дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири сифатида қабул қилиб олиб, бир қатор ғалати ва шубҳали ёлланма ишчилар гуруҳига айлантирди ва ҳар йили Чемпионлар Лигасини шармандаларча тарк этмоқда.
Бартомеу «Барселона»ни дунёдаги энг бадавлат клублардан бири сифатида қабул қилиб, энди, янги футболчилар сотиб олиш ёки таркибидаги юлдузларга маош тўлаш имконини ҳам топа олмаётган инқироз кўчасига кириб қолди.
Бартомеу мероси – ўтган мавсумда бирорта ҳам соврин юта олмаслик, «Рома», «Ливерпуль» ва «Бавария»дан учралган шармандали мағлубиятлар, Ла Масияга бўлган эътиборсизлик, Месси билан зиддият, ўз футболчиларини танқид қилиш учун журналистларни ёллаш каби чиркин қарорлар, ҳакамлар билан жанжаллар...
Нега Бартомеу муддатидан олдин кетди?
Очиқ кўриниб турган муваффақиятсизлик ва норозиликлар фонида ҳам Бартомеу собит тура олишини Месси билан боғлиқ можароларда ҳам кўргандик.
Бартомеу бир кун олдин: «Мен клубни етарли тажрибага ва салоҳиятга эга бўлмаган бир гуруҳ инсонларга ташлаб кетишни хаёлимга ҳам келтирмаганман»
Бартомеу эртаси куни: «Истеъфога кетишга қарор қилдим»
Бартомеу шахсияти мана шу икки жумлада кўринади. Президент истеъфоси учун ишончсизлик вотуми ташкилотчиларидан бири Жорди Фарре айтганидек, «уни фақат Рим Папасининг кечириши ёки бирорта метеорит келаётгани ҳақидаги NASA баёноти қутқариб қолиши мумкин» эди холос.
Бир кунда нима ўзгарди? Каталония женералитети клуб президентига бўлган ишончсизлик референдумини ўтказиш мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди.

















