Ўзбекистон | 10:41 / 02.11.2020
3340
2 дақиқада ўқилади

Давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисида ахборотларни ошкор этиш тизими жорий қилинади

“Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, қарор билан вазирликлар ва идораларнинг расмий веб-сайтларида мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функциялари амалга оширилаётган давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий маълумотлари ва молия-хўжалик фаолиятининг кўрсаткичлари ошкор этилиши белгилаб қўйилди.

Жумладан:

  • устав фонди миқдори ва ундаги давлат улуши;
  • ҳар чорак ва йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалари;
  • ишлаб чиқариш кўрсаткичлари;
  • иш ўринлари сони;
  • корхоналар бошқарув ва назорат органлари таркиби.

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти бўлиши лозим. Веб-сайтларда иқтисодий, молиявий ва бошқа статистик маълумотлар, ҳар чоракда йиллик бизнес-режанинг бажарилиши ва стратегик мақсадларга эришиш кўрсаткичлари жойлаштирилиши лозим.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг махсус ахборот тизимида ҳар чорак ва йил якунлари бўйича (чорак тугагандан сўнг 40 кун ичида, молия йилининг 25 февралигача):

  • бизнес-режа бажарилиши кўрсаткичлари;
  • ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш;
  • солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар;
  • ташқи қарздорлик;
  • маҳаллийлаштириш ва инвестиция лойиҳалари бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни жойлаштирадилар.

Веб-сайтларга қўйиладиган талаблар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан биргаликда ишлаб чиқиладиган низом билан тартибга солинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид