Гарчи демократик партия вакили яқин вақтгача Трампни катта устунлик билан ортда қолдириб келган бўлса ҳам, сўнгги паллаларга келиб орадаги фарқ камайди. Шундай бўлса ҳам бугун кўпчилик Жо Байден ғалаба қозонади деб ишонмоқда. Шу билан бирга, ҳатто Демократик партияни қўллайдиган нашрлар ҳам Трампда ғалаба қозониш учун имконият борлигини ёзмоқда.
АҚШнинг 50та штати президентлик сайловида учга бўлинади. Бир қисми демократик партияни қўлласа, яна бир қисми республикачилар партияси вакили тараф бўлади. Учинчи қисм эса ҳар икки партияга ҳам хайрихоҳ бўлмасдан, ким сайловолди пойгасида яхшироқ қатнашса ва реал ваъдалар берса, ўшани қўллайди. Аксарият ҳолларда АҚШда ким президент бўлиши ана шу бетараф штатларнинг овозига боғлиқ бўлади.
Сайловлар бошлангунга қадар номзодларнинг ҳар бири ўзини қўллайдиган штатларни аниқ билади. Масалан, Калифорния ҳар доим демократик партия вакилларини қўллаб келган ва бу штатда Байденнинг ғалаба қозониши кундай равшан. Алабама эса ҳар доим республикачилар партиясига овоз берган. Шу сабабли бу штатда Трамп ғалаба қозонишига ҳеч ким шубҳа билдирмайди.
Агар демократлар ва республикачилар партиясининг номзодларини қўллайдиганларнинг аниқ ҳисоб-китоби қилинса ва бетараф штатлар чиқариб ташланса, у ҳолда сайловларда Байден 183:113 ҳисоби билан ғалаба қозонади.
Кейин икки номзоддан бири фаворит бўлиши мумкин бўлган штатлар бор. Бундай штатларда кутилмаган натижалар ҳам рўй бериши мумкин. Аммо бунинг эҳтимоли жуда паст.
Жо Байден бундай штатлардан Нью-Мехико (13 фоиз), Мэн ва Виржиния (12 фоиз), Колорадо (11 фоиз), Нью-Ҳемпшир (10 фоиздан) да устунликка эга. Бу унга яна 33 делегат овозини беради. Трамп эса Аляска, Жанубий Каролинада (ҳар бирида 9 фоиздан) ва Монтанада (8 фоиз) фаворит бўлиб кўринди. Бу унга яна 15та овоз тақдим этади.
Ғолиб ёки фаворит аниқ бўлган штатлар ҳисоблангандан сўнг, тахминий ҳисоб Байден фойдасига 216-128 бўлади. Бу бир қарашда, Трамп учун умидсиз вазиятга ўхшаб кўринади. Бироқ бу бироз чалғитувчи ҳолат ҳисобланади. Бунга сабаб шуки, бир қанча штатларда қоғозда кураш қизғин кетаётганга ўхшаса ҳам, аслида уларда республикачи номзоднинг ғалаба қозониш эҳтимоли юқори.
Ушбу штатларнинг энг йириги Техас бўлиб, у АҚШдаги сайловчилар сони бўйича иккинчи ўринда туради (38 овоз). Сўровларга кўра, Трамп ушбу штатда 4 фоиз билан етакчилик қилмоқда, аммо дастлабки овоз бериш чалғитувчи бўлиши ҳам мумкин. У ерда рекорд кўрсаткич қайд этилди, муддатидан олдин овоз берганларнинг 53 фоизи республикачиларга овоз берган, 36 фоизи демократларга. Бундай ҳолатда Трамп Техасда ғалаба қозониши ва вазиятни ўнглаши мумкин.













