Сайловлар арафасидаги дам олиш кунларида Вашингтонда болғалар ва «болгарка» овози тинмади. Шаҳар марказидаги офислар бинолари олдида, меҳмонхоналар ва ресторанларнинг кириш қисмида фанер листларининг ҳақиқий пирамидалари ҳосил бўлди. Деярли ҳар бир иншоот олдида бир гуруҳ ишчилар ойна ва витриналарни ёғоч қобиқлар билан ўраб қўйиш учун куймаланишаётганига гувоҳ бўлиш мумкин эди.
«Биз июнь ойида, Жорж Флойднинг ўлимидан кейинги илк намойишлар вақтида ҳам шундай қилгандик», деди BBC рус хизмати мухбири билан суҳбатда эндигина 19-кўчадаги Jos A Bank номли кийимлар дўконини ёғоч қобиқлар билан ҳимоялаш ишларини якунлаган қурувчилар бошлиғи Диего Диас.
CVS дорихоналар тармоғи ўтган ҳафтадаёқ бутунлай фанер панеллар билан ўраб олинганди.
«Ёздаги намойишлар вақтида дорихонамиз талон-торож қилинганди. Ҳозир биз барчаси тинч ўтишига умид қилмоқдамиз, лекин ҳар эҳтимолга қарши хавфсизликни таъминлаб қўйдик», деган менежер Фрэнк.

Ёмон сценарий
Октябрь ойи охирида YouGov компанияси томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг қарийб 56 фоизи АҚШдаги сайловлар кунида оммавий намойишлар ва зўравонлик ҳолатлари кузатилишига шубҳа қилмайди.
Мамлакатдаги бир неча штат ва шаҳарлар расмийлари воқеаларнинг энг ёмон ривожига ҳам тайёрланиб турибди.
Ўтган ҳафтада Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом Politico нашрига берган интервьюсида айтишича, штат маъмурлари овозларни ҳисоблаш жараёни оммавий тартибсизликлар билан бирга кечиши, кўчаларда Трамп ва Байден тарафдорлари ўртасида ҳақиқий тўқнашувлар келиб чиқишини истисно этмаяпти.
«Биз ҳамиша турли сценарийларни ҳисобга оламиз ва уларга олдиндан тайёрланамиз», деганди губернатор.
Чикаго мэрлиги ҳам сайловга тайёрланиш жараёнида барча оператив хизматларнинг махсус машғулотларини ўтказди.
«Баҳор ва ёзда нималар бўлганини ҳисобга олсак, биз олдиндаги кунлар тинч ўтишига умид ҳам қилмаймиз ва энг ёмонига тайёрланамиз», дея очиқ гапирган ўтган ҳафтадаги матбуот анжумани вақтида Чикаго мэри Лори Лайтфут.
АҚШ ички хавфсизлиги вазирлиги мамлакатнинг йирик шаҳарларидаги ҳукумат бинолари муҳофазаси учун қўшимча махсус отрядлар юборган.






















