Спорт | 09:31 / 05.11.2020
3889
2 дақиқада ўқилади

Рафаэль Надаль фаолиятидаги 1000-ғалабани қўлга киритди

Испаниялик теннисчи Рафаэль Надаль Профессионал теннисчилар ассоциацияси (АТР) мусобақаларида 1000-ғалабани қўлга киритган тарихдаги 4-теннисчига айланди. 

Фото: AP Photo

4 ноябрда Надаль Парижда ўтаётган “Мастерс” мусобақасининг 2-раундида ҳамюрти Фелисиано Лопес билан кечган баҳсда уни мағлубиятга учратди. Ушбу учрашув 34 ёшли Надаль учун мураккаб кечди. У дастлабки сетни рақибига 6:4 ҳисобида бой берди, 2- ва 3-сетларни эса 7:5 ва 6:4 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди.

Надалнинг ушбу мусобақа бўйича кейинги рақиби австралиялик Жордан Томпсон бўлади.

Лопес устидан қозонилган ғалаба Надаль учун фаолиятидаги 1000-ғалаба бўлди. Айни вақтда уч теннисчигина Надалдан кўпроқ ғалабага эга: булар – америкалик собиқ теннисчи Жимми Коннорс (1274 та ғалаба), ҳозирда ҳам фаолиятини давом эттираётган Рожер Федерер (1242) ва чехословакиялик собиқ теннисчи Иван Лендл (1068).

Рафаэль Надаль айни вақтда дунёнинг иккинчи рақамли теннисчиси бўлиб турибди. У “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақаларнинг 20тасида ғалаба қозонган. Жумладан, испаниялик теннисчи 13 марта Франция очиқ чемпионати, 2 марта Уимблдон, 4 марта АҚШ очиқ чемпионати ва бир марта Австралия очиқ чемпионати ғолиби бўлган. У, шунингдек, бир нечта рекордлар соҳиби ҳисобланади.   

Мавзуга оид