ФИФА рейтингида биздан устун бўлган жамоа

Сурия миллий жамоаси сўнгги йилларда мамлакатдаги нотинчлик сабабли футбол бўйича ички мусобақаларни ўтказа олмаётган бўлса-да, улар мунтазам равишда йиғинлар ташкил этиб, ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишмоқда. Шу боис Сурия миллий жамоаси ФИФА рейтингида ҳам ўз ўрнини йўқотгани йўқ – тунислик мураббий Набил Малоул шогирдлари 79-ўринни банд этган. Бу 84-ўриндаги Ўзбекистон миллий жамоасидан 5 ўрин юқори демакдир.

Қайд этиш жоиз, Сурия миллий жамоаси кетма-кет сўнгги 5та расмий ўйинида фақат ғалаба қозонмоқда. Сурияликлар сўнгги марта 2019 йилнинг 10 июль куни Тожикистон миллий жамоасига мағлубиятга учраган – 2:0. Шундан кейинги 6 ўйинда 5 ғалаба ва 1та дуранг қайд этган. Бу ўйинларнинг барчаси 2019 йилда ўтказилган бўлиб, Ўзбекистон миллий жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви Сурия учун 2020 йилдаги дастлабки баҳсга айланади.

Сурия миллий жамоасининг охирги 7 учрашуви:

10.07.2019. Тожикистон – Сурия – 2:0

16.07.2019. Ҳиндистон – Сурия – 1:1

05.09.2019. Филиппин – Сурия – 2:5

10.10.2019. Малдив – Сурия – 1:2

15.10.2019. Сурия – Гуам – 4:0

14.11.2019. Сурия – Хитой – 2:1

19.10.2019. Сурия – Филиппин – 1:0

Етакчи легионерларсиз йиғин

Вадим Абрамов қўл остидаги вакилларимиз 6 ноябрь кунидан бошлаб Тошкентда тўпланиб, 9 ноябрь куни Дубайга етиб келишди.

ФИФА кунлари бўлишига қарамай, бу сафарги йиғинда ҳам етакчи легионерларимиз турли сабаблар туфайли миллий жамоа ихтиёрига етиб кела олишмади. Жумладан, Элдор Шомуродов жароҳати боис Италиядан чақирилмаган бўлса, Одил Аҳмедов оилавий сабабларига кўра йиғинга кела олмади. «Спартак» яримҳимоячиси Остон Ўрунов жароҳати туфайли Москвада қолган бўлса, «Шаржа» вакили Отабек Шукуров ҳам жароҳат сабабли таклиф олган йиғинига кела олмайдиган бўлди.

«Шабоб Ал Аҳли» яримҳимоячиси Азизжон Ғаниев, «Сённам» яримҳимоячиси Жамшид Искандеров, «Кванчжу» ҳимоячиси Рустам Ашурматов ва Хитой 1-лигасидаги ҳимоячимиз Ислом Тўхтахўжаев БААдаги йиғинга етиб келишди.